Номаълум қуролланган шахслар Жанубий Африка Республикасининг Йоханнесбург шаҳри яқинида жойлашган посёлкада тинч аҳолига ҳужум қилиб, камида 9 кишини ўлдирди, яна 10 киши жароҳатланди. Ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, қурбонларнинг айримлари кўчадан ўтиб кетаётган тасодифий йўловчилар бўлган.
Полиция баёнот бериб, воқеа якшанбага ўтар кечаси соат 01:00 атрофида содир бўлганини маълум қилди. Ҳозирда Гаутенг вилоятининг оғир жиноятлар бўйича бўлинмалари жиноятчиларни қўлга олиш учун кенг кўламли қидирув ишларини бошлаган.
Маълумотларга кўра, оқ рангли микроавтобус ва кумуш рангли енгил автомобилда ҳаракатланган тахминан 12 киши жамоат барига кириб, мижозларни нишонга олган. Сўнг воқеа жойидан қочиш пайтида ҳам атрофдагиларга қарата тартибсиз ўқ узишган. Шундан кейин жароҳатланганлар шифохонага етказилган. Полиция ҳужум сабаблари ҳозирча номаълум эканини билдирди.
Жанубий Африканинг SABC телерадиокомпанияси ҳужумчилар нафақат бар мижозлари, балки ташқаридагиларни ҳам нишонга олганини тасдиқлади. Гаутенг вилояти полицияси раҳбарининг айтишича, ҳужумдан сўнг жиноятчилар қурбонларни тинтиб, телефон ва бошқа қимматбаҳо буюмларини олиб кетишган. Унинг сўзларига кўра, уч киши бар ичида, қолганлар эса қочишга уринган пайтда отиб ташланган.
Сўнгги йилларда Жанубий Африкадаги бар ва шу каби муассасаларда оммавий отишмалар бир неча бор содир бўлган. Хусусан, жорий ой бошида Претория яқинида содир бўлган ҳужумда 12 киши, жумладан уч ёшли бола ҳалок бўлган эди. Умуман олганда, 2024 йили мамлакатда қарийб 26 мингта қотиллик қайд этилган. Бу ҳар куни ўртача 70 нафардан ортиқ одам шу каби жиноятлар қурбони бўлганини англатади.








