Германия ҳукумати аввалроқ бошпана ваъда қилинган, бироқ ҳозирда Покистонда ноаниқ ҳолатда қолаётган 535 нафар Афғонистон фуқаросини қабул қилишга тайёр эканини билдирди. Бу ҳақда мамлакат ички ишлар вазири Александр Добриндт хабар берди.
Ушбу афғонлар 2021 йил август ойида “Толибон” ҳаракати ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг хавфсизлигидан қўрқиб мамлакатни тарк этган. Улар орасида Германия Бундесвери ва бошқа давлат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилган шахслар, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва хотин-қизлар ҳуқуқлари учун курашган фаоллар ҳам бор.
Александр Добриндтнинг айтишича, Германия ҳукумати бу афғон фуқароларини “имкон қадар тезроқ” қабул қилишдан манфаатдор. Аввалроқ Покистон ҳукумати Германиядан афғонларни декабрь охиригача қабул қилишни талаб қилган, акс ҳолда уларни ватанига депортация қилиш билан таҳдид қилганди.
- Аввалги ҳукумат қарорига қарамай, афғонлар Германияга кира олмаяпти
Аmnesty International ва Pro Asyl ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари маълумотларига кўра, ҳозирда Покистонда Германияга эвакуация қилинишини кутаётган қарийб 1 800 нафар афғон бор. Уларнинг аксарияти Германиянинг давлат, нодавлат ва маданий ташкилотларида ишлаган.
“Толибон” Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаганидан сўнг, ўша пайтдаги Германия ҳукумати уларни мамлакатга олиб келишга ваъда берган ва айримларига тегишли ҳужжатлар ҳам берилган. Бироқ канцлер Фридрих Мерц бошчилигидаги янги федерал ҳукумат гуманитар сабабларга кўра учинчи давлатлар фуқароларини қабул қилиш дастурларини, жумладан афғонлар бўйича дастурларни ҳам кескин чеклаган. Натижада Германияда бўлишга рухсат бериш ҳақидаги айрим қарорлар бекор қилинган.
Немис расмийлари “Толибон”га қарши чиққан афғон фуқаролик жамияти фаолларини Германияга қабул қилишдан бош тортган. Декабрь бошида уларга Германия томонидан расмий рад жавоби берилиб, бунга сабаб сифатида “уларни қабул қилиш Германия учун сиёсий жиҳатдан манфаатли эмас” экани кўрсатилган.
Шу билан бирга, 250 дан ортиқ немис ташкилоти Германия федерал ҳукуматига очиқ мактуб йўллаб, гуманитар асосда мамлакатда бўлишига рухсат берилган афғонларни қабул қилишга чақирган.
“Вақт тугаб бормоқда — ҳар бир кун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Агар бу одамлар Афғонистонга қайтарилса, уларнинг ҳаёти хавф остида қолади”, дейилади мурожаатда.








