Тожикистонда электрон сигареталарни (вейплар) ишлатиш, ишлаб чиқариш ва сотиш қонунан тақиқланади. Мамлакат миллий мажлиси раиси Рустам Эмомали тегишли қонунни ишлаб чиқаришни топширди.
У бу топшириқни Тожикистон Олий Мажлиси Миллий Мажлисининг тўртинчи сессиясида берган. Тақиқ миллат генофондини ва аҳоли, айниқса ўсмирлар ҳамда ёшлар саломатлигини ҳимоя қилишга қаратилган.
Парламент юқори палатаси раиси электрон сигареталар тарқалишини чеклаш ва фуқаролар соғлиғига бўлган хавфни камайтириш учун тезкор қонунчилик чораларини кўриш зарурлигини таъкидлади.“Муҳокама давомида электрон сигареталарни (вейпларни) фаол фойдаланиш нафас йўллари, юрак-қон томир тизими ва ўпка касалликларига, жумладан онкологик касалликларга олиб келиши мумкинлиги, тиббиёт мутахассисларининг хулосалари буни тасдиқлаши қайд этилди”, дейилади хабарда.
- Ўзбекистон ва бошқа қўшни давлатларда вазият қандай?
Марказий Осиё минтақасида Тожикистоннинг кўпчилик қўшнилари аллақачон электрон сигареталарни тўлиқ тақиқлаган.
Хусусан, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ноябрь ойида таркибида никотин бўлган электрон сигареталарни олиб кириш, муомалага киритиш ва улардан фойдаланишни тақиқловчи қонунни имзолади. Қонунни бузганлик учун жисмоний ва юридик шахсларга катта миқдордаги жарималар ва жиноий жавобгарлик ҳам белгиланган.
Ўзбекистонда 2025 йил 27 ноябрдан бошлаб электрон сигареталар (вейплар) ва улар учун суюқликларни сотиб олиш, сақлаш, ташиш ва импорт-экспорт қилишни ўз ичига олган ҳолда уларнинг муомаласига тўлиқ тақиқ жорий этилган. Қоидабузарликлар учун катта миқдордаги жарималар ва жиноий жавобгарлик (баъзи ҳолларда бир неча йилгача озодликдан маҳрум қилиш) назарда тутилган.
Қозоғистонда 2024-2025-йиллардан бошлаб электрон сигареталар, вейплар ва уларга мўлжалланган суюқликларни сотиш, тарқатиш ва импорт қилиш тақиқланган бўлиб, қоидабузарликлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари қўлланилади.
Туркманистонда эса узоқ вақтдан буён электрон сигареталар бутунлай тақиқланган.








