Daryo

Starlink сунъий йўлдошлари орбитада Хитой йўлдошлари билан тўқнашиб кетишига бир бахя қолди

SpaceX’га тегишли йўлдошлар Хитойнинг техникаларига ҳалокатли даражада яқинлашди, орада атиги 200 метр масофа қолди.

2 дақиқа ўқиш10 981 кўришлар0 изоҳ9

Америкалик миллиардер Илон Маскнинг SpaceX компаниясига тегишли Starlink сунъий йўлдошлари орбитада Хитойнинг сунъий йўлдошлари билан тўқнашиб кетишига бир бахя қолди. Бу ҳақда компания баёнотига таяниб, Euronews хабар берди.

Компаниянинг маълум қилишича, воқеа ўтган ҳафта содир бўлган. Starlink техникалари Хитойнинг CAS Space компанияси томонидан учирилган тўққизта сунъий йўлдошга ҳалокатли даражада яқинлашган, яъни орада атиги 200 метр масофа қолган.

Ушбу ҳодисага SpaceX’нинг Starlink инженеринги бўйича вице-президенти Майкл Николс операторлар ўртасида координация йўқлиги сабаб бўлганини билдирган.

“Сунъий йўлдош операторлари йўлдошларнинг эфемерис маълумотларини (орбитал жойлашув маълумоти) улашмаса, космосда хавфли ҳодисалар юзага келиши мумкин”, деб ёзган у X тармоғида.

Космик тирбандлик хавфи

Сунъий йўлдошлар кундалик ҳаётда, хусусан, смартфонлар GPS’и, об-ҳаво прогнози ва молиявий тизимларни қўллаб-қувватлашда муҳим рол ўйнайди. Ер орбитаси тобора тирбанд бўлиб бораётган бир пайтда, бундай ҳодисалар сунъий йўлдошларни яхшироқ бошқариш зарурлигини кўрсатмоқда.

АҚШ нотижорат ташкилоти Space Foundation маълумотларига кўра, 2023-йилда орбитага рекорд даражада 2800 га яқин сунъий йўлдош учирилган. SpaceX ўзининг Starlink дастури орқали бу йўлдошларнинг катта қисмига эгалик қилади. 2024-йилда нашр этилган Жаҳон иқтисодий форуми ҳисоботида айтилишича, Ернинг паст орбитасидаги сунъий йўлдошлар сони кейинги ўн йилликда 190 фоизга ошиши кутилмоқда.

CAS Space жавоби

CAS Space Николснинг танқидига жавоб бериб, ҳодиса учун жавобгарликни зиммасига олишдан бош тортган. Шу билан бирга ҳамкорликни яхшилашга чақирган.

“CAS Space барча учиришларда маълум сунъий йўлдошлар ёки космик чиқиндилар билан тўқнашувни олдини олиш учун ер усти космик хабардорлик тизимидан фойдаланади. CAS Space келажакда операторлар билан мувофиқлаштириб ишлайди”, деган CAS Space X орқали.

“Кесслер синдроми” хавфи

Космик аппаратлар ўртасидаги тўқнашув катта миқдордаги чиқиндиларни келтириб чиқариши, орбитага хавфли қолдиқларни тарқатиши мумкин. Бу космик чиқиндилар кейинги эҳтимолий тўқнашувлар хавфини оширади ва ҳам ҳозирги сунъий йўлдошларга, ҳам келажакдаги миссияларга таҳдид солади.

Экспертлар, айни пайтда, “Кесслер синдроми” эҳтимоли ҳақида огоҳлантирмоқда. NASA олими томонидан илгари сурилган бу назарияда космик чиқиндилар миқдори жуда ошиб кетгач, тўқнашувлар занжирли реакцияни ишга тушириши, янада кўпроқ чиқинди ҳосил бўлиб, орбитанинг айрим қисмлари фойдаланиб бўлмайдиган ҳолга келиб қолиши тахмин қилинади.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар