Daryo

Ўзбекистонда долларлашув даражаси пасайди

Алмашув курси тебранувчанлиги ошиши чет эл валютасида пул жамғариш ва ҳисоб-китоб қилишда ноаниқликни кучайтирган. Аммо одамлар ва корхоналар муддатли омонатларни долларда сақлашни ҳали ҳам табиий даражадан кўпроқ танлаяпти.

2 дақиқа ўқиш25 528 кўришлар0 изоҳ2

Ўзбекистон иқтисодиётида долларлашув табиий даражаси сезиларли камайди. Бу ҳақда Марказий банк ўтказган тадқиқотда маълум бўлди.

Мамлакатда қисқа муддатли (12 ой) долларлашув 2020 йил январда 24,5 фоизни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2025 йил октябрь ойига келиб 17,8 фоизга тушди. Уч йил муддатли даврни ичига олган долларлашув табиий даражаси эса 19,3 фоизга тенг бўлди.

Графика: Марказий банк

“Жорий йил бошидан алмашув курси тебранувчанлиги ошиши аҳоли ва бизнес субъектлари учун чет эл валютасида жамғариш, нарх белгилаш ва ҳисоб-китоблар олиб бориш борасида ноаниқликларни кучайтирди ҳамда ушбу даврда нархларнинг кескин ўсиши кузатилмади. Бу эса долларлашув табиий даражасининг пасайишига олиб келди”, дейилади тадқиқотда.

Графика: Марказий банк​

Нархлар барқарорлиги миллий валютага ишончни оширади ва долларлашувни камайтиради. Валюта курсининг доимий қадрсизланиши эса аҳолининг чет эл валютасидан кўпроқ фойдаланишига сабаб бўлади.

Таҳлилга кўра, мамлакатда муддатли депозитлардаги долларлашув кескин камайган. Хусусан, корхоналар муддатли депозитлари бўйича долларлашув даражаси 2019-йилдаги 48,2 фоиздан 2025 йил ноябрдаги 20,5 фоизгача тушган. Мазкур даврда аҳоли муддатли омонатларидаги долларлашув ҳам 32,6 фоиздан 22,5 фоизгача пасайган. Бироқ талаб қилиб олгунча депозитлар (исталган вақтда қайтариб олиш мумкин бўлган маблағлар) долларлашуви узоқ муддатли даврда 40 фоиздан юқори даражада шаклланяпти.

Марказий банк ҳозирда сўмда пул сақлаш аввалгига нисбатан кўпроқ ишончли эканини қайд этган. Банк депозитларида миллий валюта жозибадорлиги ортганини таъкидлаган. Шу билан бирга, курсдаги тебранишлар узоқ муддатли хавф туғдирмаётганига урғу берилган.

“Ўзбекистонда табиий долларлашувнинг пасайиши — иқтисодий барқарорлик ортаётганининг белгиси. Нархлар барқарорлиги ва валюта сиёсатидаги изчиллик миллий валютага бўлган ишончни мустаҳкамламоқда”, дейилади тадқиқотда.

2025 йил октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда муддатли депозитлардаги долларлашув даражаси ҳали ҳам табиий даражадан бир оз юқори. Яъни 12 ойлик ҳисоб-китоб бўйича 3,5 фоизга, 3 йиллик ҳисобларда 2 фоизга баландлиги қайд этилган. Умуман олганда, одамлар ва корхоналар муддатли омонатларни долларда сақлашни ҳали ҳам табиий даражадан кўпроқ танлаяпти.

Farg‘onadanman. Oʻzbekiston Milliy universitetini tamomlaganman. “Daryo”da 2022-yildan beri muxbirman. Iqtisodiy-siyosiy voqealarni yoritib boraman. Yoqtirgan kinolarimdan biri — “Shoushenkdan qochish”. Oxirgi o‘qilgan kitoblardan iqtisodchi olimlar Daron Ajemo‘g‘li va Jeyms Robinson hammuallifligidagi “Mamlakatlar tanazzuli sabablari…” kitobi yoqdi.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар