Испаниянинг “Барселона” клуби ҳужум чизиғини кучайтириш учун “Атлетико Мадрид” форварди Хулиан Алваресни харид қилиш бўйича музокараларни бошлашда қийинчиликка дуч келмоқда.
Битим нархи тахминан 200 миллион еврони ташкил қилиши кутилмоқда. “Барселона”даги манбаларга кўра, бу миқдор ўзгармайдиган бўлса, трансфер амалга ошмайди. Чунки Каталония клуби бу суммани “Атлетико” ҳужумчиси учун тўлашга тайёр эмас ва битимнинг ҳаддан ташқари қимматлиги сабаб трансфердан воз кечмоқда.
25 ёшли Алварес жорий мавсум “Атлетико” сафида 20 та ўйинда майдонга тушиб, 10 та гол киритган ва 4 та голли узатма амалга оширган. Унинг Мадрид жамоаси билан амалдаги шартномаси 2030-йилнинг ўрталарига қадар мўлжалланган.
Маълумот учун, Хулиан Алварес “Ривер Плейт”, “Манчестер Сити” ва “Атлетико Мадрид” клубларидаги фаолияти давомида Европа Чемпионлар Лигаси, Либертадорес кубоги, АПЛ, Аргентина Примера лигаси ғолиблигини қўлга киритган, шунингдек, Аргентина сафида Жаҳон чемпиони ва икки карра Америка Кубоги ғолиби саналади.
Аввалроқ, “Барселона” ҳужумчи Роберт Левандовски билан шартномани узайтирмаслиги, ёзги трансферлар вақтида Эрлинг Ҳоланд, Хулиан Алварес, Ҳарри Кейн ва Серҳу Гирассини харид қилишга уриниб кўриши ҳақида хабар берилган эди.








