Покистон расмийлари 9 декабрь куни Афғонистон билан чегарада жойлашган Куррам туманидаги хавфсизлик назорат пунктига қуролланган шахслар ҳужум қилганини маълум қилди. Оқибатда олти нафар покистонлик аскар ҳалок бўлгани айтилмоқда. Бу ҳақда Afghanistan International хабар берди.
Маълум қилинишича, ушбу ҳужум учун жавобгарликни ҳали ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмаган. Исломобод бу воқеада “Таҳрики Толибон Покистон” (ТТП) жангариларини айбламоқда. Улар ТТП гуруҳи Афғонистон ҳудудидан туриб хавфсизлик кучларига қарши ҳужумларни режалаштираётганини айтади. Кобул эса бу айбловларни рад этиб, Покистон хавфсизлиги мамлакатнинг ички муаммоси эканини таъкидламоқда.
Узоқ йиллик иттифоқчи бўлган “Толибон” ҳукумати ва Исломобод ўртасида октябрь ойидан бери чегарада вақти-вақти билан тўқнашувлар содир бўлмоқда. Жумладан, сўннги ҳужум 5 декабрь куни содир бўлганди. Кейинроқ хабар қилинишича, бу воқеада ҳар икки томондан камида беш киши ҳалок бўлган.
Қатар, Туркия ва Саудия Арабистони мезбонлигида ўтказилган уч раунд тинчлик музокаралари барқарор келишувга эришиш билан якунланмаган. Икки давлат ўртасидаги тоғли чегара ҳудудларида деярли 20 йилдан бери мамлакат ҳукуматига қарши курашиб келаётган, “Покистон Толибони” деб ҳам аталувчи “Таҳрики Толибон Покистон” гуруҳининг жангарилари яшайди.
Гуруҳ, Кобулдаги ҳамкасбларининг қарашларига ўхшаш тарзда, Ислом қонунларининг талқинига амал қилади. Афғонистон “Толибон”и гуруҳ билан ҳеч қандай оператив алоқаси йўқлигини айтаётган бўлса-да, халқаро ҳисоботлар “Толибон” “Таҳрики Толибон Покистон”ни қўллаб-қувватлаётганини кўрсатади.








