Бугун араб миллатига мансуб инсонлар дунёнинг турли давлатларида яшамоқда. Шу жумладан, Лотин Америкасида ҳам. Араблар Америка қитъасига оммавий тарзда европаликлардан бир оз кейинроқ, 18-19-асрларда кўчиб бора бошлашган.
Океан ортига борган араблар, асосан, Марказий ва Жанубий Америкада яшаб қолган. Уларнинг орасида ислом динига эътиқод қиладиганлар билан бирга араб насронийлари ҳам бўлган.
Маълумотларга кўра, бугун Лотин Америкасида келиб чиқиши араб бўлган 20 млн одам яшайди. Уларнинг қарийб барчаси европаликлар билан чатишиб, ўз тилини унутган ва эътиқодини ўзгартирган.

Фото: ria.ru
Кейинчалик аждоди араб бўлганлардан жаҳонга машҳур шахслар, бойлар, санъаткорлар етишиб чиқишди. Масалан, мексикалик миллиардер Карлос Слим, хонанда Шакира, актриса Салма Ҳаекнинг келиб чиқиши арабларга бориб тақалади.
20-аср охири 21-аср бошларида келиб чиқиши араб бўлганлар ҳатто давлат раҳбари даражасига ҳам чиқишди. Масалан, бугун Салвадор давлатини миллати араб бўлган Найиб Букиле бошқармоқда.
Қуйида келиб чиқиши араб бўлган ва Лотин Америкасидаги давлатларни бошқарган шахслар ҳақида ҳикоя қиламиз.
Хулио Сезар Турбай Аяла, Колумбия

Фото: m.jetset.com.cо
Хулио Сезар 1916-йилда туғилган. Унинг отаси ливанлик Амин Турбай, онаси колумбиялик Росарио Аяла бўлган. Хулио сиёсатга ўтган асрнинг 30-йилларида кириб келган ва 1937-йилда Хирардот шаҳри мери бўлган.
1957-1958-йилларда Колумбия энергетика ва тоғ-кон саноати вазири, 1958-1961-йилларда ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган. У 1962-1969-йиллар давомида Миллий конгресс ва Сенат раиси бўлган. Бу орада 1967-йилда Колумбиянинг БМТдаги вакили сифатида ишлаган.
1970-йилларда у Колумбиянинг Британия ва АҚШдаги элчиси сифатида фаолият олиб борган. Хулио 1978-йилда президентлик пойгасида қатнашган ва ғолиб чиқиб Колумби президентига айланган. 1982-йилда истеъфога чиққан.
Хулио Колумбияни бошқарган кезда коммунистик лагерга кирувчи давлатлар билан кескин сиёсат юритган. Жумладан, 1981-йилда Куба билан дипломатик алоқаларни узган. У 2005-йилда 89-ёшида вафот этган.
Хуан Переда Хасбун, Боливия

Фото: паер.де
1931-йилда туғилган Хуан Переда Хасбуннинг онаси Фаластиндаги машҳур Ҳазбун уруғи вакиласи, отаси боливиялик ҳарбий бўлган.
Ҳазбун уруғи араблари насроний динига эътиқод қилган ва уларнинг анча қисми Лотин Америкасига кетган. Океан ортига кетганлар авлодларидан бир нечта таниқли шахслар чиққан.
Жумладан:
- Хуан Асбун (Хасбун) – Боливия президенти;
- Луис Асбун (Хасбун)– чилилик футболчи;
- Хавьер Хасбун (Асбун) – боливиялик спортчи;
- Карлос Хасбун – салвадорлик спортчи;
- Хато Хасбун Бараке – Салвадор президенти Маурисио Фунеснинг яқин маслаҳатчиси.
Бугунги кунда Лотин Америкасида яшаётган Ҳазбун уруғи вакиллари ўзига Хасбун ёки Асбун фамилиясини танлаган. Яқин Шарқда яшаётганлари эса Ҳазбун фамилиясида қолган.
Хуан Хасбун ҳарбий бўлган ва генерал унвонигача олган. У Боливия ички ишлар вазири, миграция ва адлия вазири лавозимларида ишлаган.
1978-йилда Боливияни 1971-йилдан буён бошқариб келаётган Хюго Банзер истеъфога чиқади ва президентлик сайловида унинг ўрнига Хуан Хасбун қатнашади.
Сайловда Хуан Хасбуннинг ғалаба қозонгани эълон қилинади. Бироқ мухолифат сайлов натижаларини бойкот қилади. Ўшанда Хуан бор йўғи тўрт ой Боливияни бошқаради ва истеъфога чиқади.
Кўп ўтмай Хуан Хасбун катта сиёсатдан кетганини эълон қилади. У 2012-йилда вафот этади.
Карлос Менем, Аргентина

Фото: taringa.net
Карлос Менем 1930-йилда суриялик муҳожирлар оиласида туғилади. Карлоснинг ота-онаси ва ўзи Ислом динига эътиқод қилган.
Кейинчалик у катта сиёсатга кириб келгач, сайловчилар қўлламаслиги мумкинлигини инобатга олиб мусулмон эканини оммадан яширган.
1973-йилда Карлос мамлакат ғарбидаги Ла-Риоха провинцияси губернатори бўлиб сайланади. Орада Аргентинада ҳарбийлар давлат тўнтариши уюштиради ва Карлос беш йил қамоқда ўтиради.
1983-йилда у сайловда ютиб, яна Ла-Риоха губернаторига айланади. 1987-йилда у учинчи марта ҳам ғалаба қозонади ва губернаторлик амалини ўзида сақлаб қолади.
Карлос 1989-йилда ўтказилган президентлик сайловида ғалаба қозонади ва Аргентина президентига айланади. 1995-йилда ўтказилган сайловда яна ғалаба қозонади ва Аргентинани бошқаришда давом этади.
Карлос Менем 1999 ва 2003-йилларда ўтказилган сайловларда ҳам қатнашади. Бироқ етарлича овоз ололмай мағлубиятга учрайди. У 201-йилда, 90 ёшида вафот этади.
Абдала Букарам, Эквадор

Фото: бусcамас.пе
Абдала Букарам 1952-йилда ливанлик муҳожирлар оиласида туғилади. Унинг амакиси Ассад Букарам Эквадордаги энг йирик шаҳар – Гуаякилга ҳоким бўлган.
Абдаланинг опаси Марта Букарам Эквадорга 1979-йилдан 1981-йилгача президентлик қилган Ролдос Агилеранинг хотини бўлган. (Ролдосни ҳам келиб чиқиши араблардан бўлган дейишади).
Абдала сиёсатга 1970-йиллар охирида кириб келади. У 1984-1985-йилларда Гуаякил мери бўлади. У уч марта 1988, 1992 ва 1996-йилда президентлик сайловида қатнашади. Икки марта мағлуб бўлади ва учинчи сайловда ғалаба қозониб, Эквадор президентига айланади.
Абдала мамлакатни салкам олти ой, 1996 йил 10 августдан 1997 йил 6 февралгача бошқаради холос. Бунга сабаб у президент бўлгач, ислоҳотлар бошлайди ва хорижий компанияларга ҳамда маҳаллий бойларга тегишли компанияларни давлат ҳисобига ўтказади.
Унинг бу иши кескин норозиликларга сабаб бўлади ва Конституцион суд Абдаланинг бир қатор қарорларини бекор қилади. Шунга унга импичмент хавф сола бошлайди. Охир-оқибат у истеъфога чиқади ва Панамага қочиб кетади.
Жамил Маҳуад, Эквадор

Фото: Эл Comercio
Жамил Маҳуад 1949-йилда Эквадорнинг Лоха шаҳрида туғилади. Унинг отаси ливанлик, онаси немис муҳожири бўлган.
У 1992-1998-йиллар мобайнида Эквадор пойтахти Кито шаҳри мери бўлган. 1998-йилда у президентлик сайловида қатнашади ва ғолиб бўлиб, мамлакат президентига айланади.
Жамил ҳам ўзидан олдинги президент Абдала Букарамга ўхшаб Эквадорни узоқ бошқара олмайди. 1999-йилда бошланган муаммолар 2000 йил январда давом этади.
2000 йил 9 январь куни Жамил миллий валюта – сукре ўрнига АҚШ доллари муомалага киритилишини эълон қилади. Шундан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланиб кетади.
20 январь куни намойишчилар президент саройини ўраб олишади. Президент гвардияси ҳам улар томонга ўтади. Шунда саройдагилар Жамилни у ердан тез ёрдам машинасига яшириб олиб чиқишади.
Кўп ўтмай Жамил АҚШга қочиб кетади. 2014-йилда Эквадор суди уни сиртдан 12 йил қамоқ жазосига ҳукм қилади. Ҳозирда у АҚШда қочқинликда яшаб келмоқда.
Карлос Роберто Флорес, Гондурас

Карлос Флорес 1950-йилда фаластинлик муҳожирларнинг авлоди бўлган оилада дунёга келган. Америкага Флореснинг катта боболари келган ва унгача оила маҳаллийлашиб бўлганди.
Карлос Флореснинг отаси Оскар Флорес Гондурасда таниқли шахс бўлган. У ҳуқуқшунослик, журналистика, тадбиркорлик ва сиёсат билан шуғулланган. Оскар 1963-1965-йилларда Гондурас Олий суди раиси лавозимида ҳам ишлаган.
Карлос Флорес олий таълимни АҚШда олади ва ватанига қайтгач, бир қатор ишларда фаолият олиб боради. Сўнг Гондурас марказий банки директори бўлади. Сўнг 1986-1990-йиллар оралиғида президент ҳузуридаги вазир лавозимида ишлайди.
У 1997-йилда ўтказилган сайловда ғалаба қозонади ва 1994-йилдан бошлаб Гондурас президентига айланади. Ўшанда унинг қасамёд қилиш маросимига минтақанинг саккиз давлатнинг раҳбари қатнашганди.
2002-йилда президентлик муддати тугайди ва Карлос Флорес ҳокимиятдан кетади.
Элиас Антонио Сака, Салвадор

Фото: alamy.com
Элиас Антонио Сака 1965-йилда фаластинлик муҳожирлар оиласида туғилган. У ўз фаолиятини журналистликдан бошлайди ва кейин сиёсатга ўтади.
2003-йилда Элиас мансуб бўлган партия президентлик сайловига унинг номзодини илгари суради. Ўшанда унга келиб чиқиши фаластинлик бўлган Шафик Хандал рақиблик қилади.
2004 йил март ойида бўлиб ўтган сайловда Элиас 58 фоиз овоз олади ва ғолиб чиқади. У Салвадорни беш йил бошқаради ва 2009 йилда ўтказилган сайловда ютқазади.
Мишел Темер, Бразилия

Фото: alamy.com
Мишел Темер 1940-йилда келиб чиқиши Ливандан бўлган муҳожирлар оиласида туғилади. У Сан-Паулу университетида ҳуқуқшунослик бўйича таълим олади. 1983-йилда Мишел Сан-Паулу шаҳри бош прокурори бўлади.
У 1997-2001 ва 2009-2010-йилларда Бразилия парламенти спикери бўлади. 2011-2016-йиллар оралиғида президент Дилма Русеф маъмуриятида Бразилия вице-президенти лавозимида ишлайди.
2016-йилда президент Дилма Русефга нисбатан импичмент жараёнлари бошланади. Шунда унинг ваколати Мишел Темерга ўтади ва у Бразилия президентига айланади.
Мишел Темер Лотин Америкасидаги энг йирик давлат бўлган Бразилияни уч йил бошқаради ва 2019-йилда коррупцияда айбланиб ҳибсга олинади. Кўп ўтмай у оқланади ва озод қилинади.
Шундан сўнг Мишел Темер сиёсий фаолиятини тугатади ва турли компанияларда фаолият олиб боради. Хайрия тадбирлари ўтказади.
Марио Абдо Бенитес, Парагвай

Фото: rti.org.тw/ру
Марио Абдо Бенитес 1971-йилда келиб чиқиши ливанлик бўлган муҳожирлар авлоди оиласида туғилган. Унинг отаси Катта Марио Абдо Бенитес Парагвайни 35 йил бошқарган Альфредо Стресснернинг шахсий котиби бўлган.
Марио ўрта мактабни битиргач, АҚШдаги университетда ўқийди. У сиёсатга 2005-йилда кириб келади. 2015-йилда Парагвай Сенати президенти бўлиб сайланади.
У 2018-йилда Парагвайда ўтказилган президентлик сайловига номзодини қўяди ва ғолиб чиқади. У мамлакатни бир муддат бошқаради ва 2022-йилда ўтказилган сайловда ютқазади.
Ҳозирда Марио Бенитес собиқ президент сифатида Парагвай Сенатининг умрбод сенатори ҳисобланади.
Найиб Букеле, Салвадор

Фото: alamy.com
Найиб Букеле 1981-йилда Салвадор пойтахти Сан Салвадор шаҳрида келиб чиқиши фаластинлик бўлган Армандо Букеле оиласида туғилади. Армандо Букеле мамлакатдаги таниқли имом бўлиб, шунингдек у тадбиркорлик билан ҳам шуғулланган.
Ўрта мактабни битиргач университетнинг ҳуқуқшунослик факультетида таҳсил олган Найиб дипломни олгач, отасининг изидан бориб тадбиркорлик қила бошлайди.
Найиб сиёсатга 2012-йилда кириб келади ва кичикроқ шаҳар мерлиги учун ўтказилган сайловда ғолиб чиқади. У 2015-йилда ўтказилган бошқа бир сайловда ғалаба қозониб мамлакат пойтахти Сан Салвадор шаҳри мери бўлади.Бироқ 2017-йилда Найибни ўзи мансуб бўлган партиядан ҳайдашади. Унга партиядошларига туҳмат қилиш, партия ичида тарқоқликни тарғиб қилиш каби айблар қўйилади.
2019-йилда Найиб мустақил номзод сифатида президентлик сайловига қўшилади. Кўп ўтмай у Миллий бирдамлик партиясига қўшилади.
Ўша йили февралда ўтказилган сайловда Найиб Букеле ғалаба қозонади ва Салвадор тарихидаги энг ёш президентга айланади. Найиб Букеле Салвадор президенти бўлгач, ташқи сиёсатда кескин бурилишни амалга оширади ва бир неча ойдан кейин Венесуэла билан дипломатик алоқаларни узади. Венесуэла элчиларини мамлакатдан чиқариб юборади.
Ўша пайтда унинг олдида яна бир муҳим иш – мамлакатда жиноий тўдаларни тугатиш ва жиноятчиликни камайтириш масаласи кўндаланг турганди. Қолаверса, у бу ҳақда халққа сайловолди чиқишларида ваъда берган ва сайловда кўпчиликнинг қўлловини олганди.
Найиб Букеле энг аввал ҳарбийлар ёрдамида Салвадордаги барча қамоқхоналарни қаттиқ назоратга олади. Жиноятчилик даражаси баланд бўлган ҳудудларда назорат кучайтирилади. Сўнг кўчаларда ҳукмронлик қилиб келаётган жиноий тўдаларга қарши аёвсиз кураш бошланади.
Маълумотларга кўра, ўшанда мамлакат бўйлаб 80 минг киши қўлга олинади. Уларнинг аксарияти турли айбловлар билан қамалади ва мамлакатдаги қамоқхоналар маҳбуслар билан тўлади.
Шунда Найиб Букеле йирик қамоқхона қуришга қарор қилади ва у 2023 йил январдан иш бошлайди. “Терроризмга қарши кураш маркази” деб номланган бу қамоқхона мамлакат пойтахти Сан Салвадор шаҳридан 74 км узоқликда, Теколука вилоятида қурилган.
Лотин Америкасидаги энг йирик қамоқхона дейилаётган мазкур муассаса учун 166 гектар ер ажратилган ва шундан 23 гектарига ҳар бири 32 та йирик камерадан иборат бўлган саккизта корпус қурилган.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади








