Туркия Суперлигаси 15-туридан ўрин олган “Башакшеҳир” ҳамда “Фенербаҳче” жамоалари ўртасидаги баҳс якунига етди. Истанбулдаги “Фотиҳ Терим” стадионида кечган баҳсда томонлар 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади.
Учрашувдаги ҳисоб 64-дақиқада меҳмонлар футболчиси Милан Шкриньяр томонидан очилган бўлса, 81-дақиқада Бертуғ Йилдирим орадаги мувозанатни тиклади. Ўйиннинг қолган дақиқалари ҳам кескин курашлар остида кечди, аммо дарвозалар бошқа ишғол қилинмади.
“Башакшеҳир”да тўп тепадиган Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари — Аббосбек Файзуллаев ҳамда Элдор Шомуродов учрашувни асосий таркибда бошлади. Шомуродов тўлиқ ўйнаган бўлса, Файзуллаев 71-дақиқада захирага олинди.
Мазкур натижадан кейин “Башакшеҳир” ҳисобидаги очколар сони 17 тага етди. Жамоа ҳозирда турнир жадвалининг 9-поғонасини эгаллаб турибди. 33 очкоси бор “Фенербаҳче” эса 2-ўриндан жой олган.
Туркия Суперлигаси15-тур
6 декабрь, шанба
“Башакшеҳир” — “Фенербаҳче” 1:1
Голлар: 0:1 — Шкриньяр (64), 1:1 — Йилдирим (81)








