Покистон ва Афғонистон кучлари ўртасида 5 декабрь куни икки мамлакатнинг зиддиятли чегарасида отишма юз берди. Ҳодисада ҳеч қандай талафот ёки қурбонлар қайд этилмади. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Маълум қилинишича, икки ой давомида амалда бўлиб келаётган оташкесим сулҳга қарамай томонлар отишма содир этган ва бу бешинчи тўқнашув ҳисобланади. Унда ҳар икки томон бир-бирини айбламоқда. Отишма Покистон БМТнинг гуманитар ёрдам юкларини Афғонистонга Чаман ва Торхам чегара пунктлари орқали юборишга рухсат беришини эълон қилганидан бир кун ўтиб содир бўлган. Ушбу ўтиш жойлари кескинлик кучайиши фонида қарийб икки ойдан бери ёпилган эди.
Томонларнинг даъволари
Маҳаллий Покистон полицияси расмийси Муҳаммад Содиқнинг даъво қилишича, отишма Афғонистон томонидан бошланган. Унинг сўзларига кўра, Покистон ҳарбийлари Чаман чегара ўтиш жойи яқинида жавоб ўти билан ҳаракат қилган. Чаман муҳим транзит йўналиш ҳисобланади.
Афғонистоннинг “Толибон” ҳаракати Чаман чегара пункти бўйлаб сабабсиз ўт очишга уринди. Покистон кучлари мамлакат ҳудудий яхлитлиги ва фуқаролари хавфсизлигини таъминлайди, деган Покистон бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг матбуот котиби Мошарраф Заиди X ижтимоий тармоғида.
Айни пайтда, “Толибон” ҳукумати вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид отишмани бошлашда Покистонни айбламоқда.
Афсуски, бугун кечқурун Покистон томони яна бир бор Қандаҳорнинг Спин Болдак туманида Афғонистонга ҳужум қилди ва Ислом Амирлиги кучларини жавоб беришга мажбур қилди, деб ёзган Мужоҳид Х’да.
Афғон чегара полицияси вакили Абидуллоҳ Фаруқи эса Покистон кучлари биринчи бўлиб Афғонистон томонидаги Спин Болдак чегара ҳудудига қўл гранатаси отганини ва бу жавоб беришга сабаб бўлганини айтган. У, шунингдек, Афғонистон сулҳга содиқ қолишини билдирган.
Октябрь ойида юз берган чегара тўқнашувлари оқибатида икки томондан ҳам ўнлаб аскарлар, тинч аҳоли вакиллари ва жангарилар ҳалок бўлган, юзлаб одамлар яраланган эди. Бу зўравонлик Кобулда 9 октябрь куни содир бўлган портлашлардан сўнг авж олган, ўшанда “Толибон” ҳукумати портлашларда Покистонни айблаб, қасос олишга ваъда берган эди.








