Афғонистондан Тожикистонга 26 ноябрь куни қуролли ҳужум уюштирилиши оқибатида Хитойнинг беш нафар фуқароси ҳалок бўлганди. “Толибон” мазкур ҳолат юзасидан Тожикистон билан чегарасида хавфсизликни кучайтиришга ваъда берди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Афғонистон ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий тожикистонлик ҳамкасби билан суҳбатда ҳолатдан афсусда эканини билдирди. У Кобул чегара кучлари билан ҳамкорликда ишлашга тайёрлигини айтиб, “ғаразли унсурларга қарши қўшма чоралар кўриш долзарб зарурат” эканини таʻкидлади.
“Ислом амирлиги чегара хавфсизлигини кучайтириш, қўшма текширувлар ўтказиш ва мувофиқлаштиришнинг ҳар қандай шакли билан шуғулланишга тўлиқ тайёр”, дейилади Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Таъкидланишича, сўнгги пайтларда икки давлат ўртасида “ишонч муҳити” шаклланган ва бунга путур етмаслиги зарур. Тожикистон расмийлари 1 декабрь куни дронлардан граната ташланиши билан боғлиқ ҳужумда беш нафар хитойлик ишчи ҳам жароҳатланганини айтди. Хитой элчихонаси қурбонлар борлигини тасдиқлади ва Хитой фуқароларини чегара ҳудудини тарк этишга чақирди.
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон олис тоғли чегара бўйлаб содир бўлган воқеалар ортидан чегара назоратини кучайтиришни буюрди. Хитой Марказий Осиёдаги 11 миллионга яқин аҳолига эга Тожикистоннинг йирик инвестори ҳисобланади. Қурбонлар “Шоҳин СМ” масъулияти чекланган жамият ходимлари бўлган.








