Daryo

Семизлик Альцгеймер ривожланишини тезлаштириши мумкин – тадқиқот

АҚШда ўтказилга сўнгги тадқиқот натижаларига кўра, семизликдан азият чекадиган одамларда Альцгеймер патологияси ортиқча вазни бўлмаганларга қараганда тезроқ ривожланади.

2 дақиқа ўқиш1 882 кўришлар0 изоҳ0

Семизлик Альцгеймер касаллигининг ривожланишини тезлаштириши мумкин. Бу ҳақда АҚШда ўтказилган тадқиқот натижаларига таяниб Эурнонеwс хабар берди.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, бу ҳолатда касалликнинг дастлабки босқичларида семизликнинг мияга таъсирини аниқлашда қон тестлари мияни сканерлашдан (PET) кўра анча самаралироқ бўлиши мумкин.

“Илк бора семизлик ва Альцгеймер касаллиги ўртасидаги боғлиқлик қон биомаркерлари тестлари билан ўлчанди”, дейди АҚШдаги Вашингтон университети Тиббиёт мактабининг радиология ва неврология профессори ва тадқиқот муаллифларидан бири доктор Сайрус Раджи.

Ҳали расмий журналларда чоп этилмаган бўлса-да, бу тадқиқот 2 декабрь куни Шимолий Америка Радиология жамиятининг йиллик йиғилишида тақдим этилиши кутилмоқда.

Семизлик билан касаллик тезроқ ривожланади

Доктор Раджи гуруҳи беш йил давомида 407 нафар одамни кузатиб борган, Альцгеймер белгиларини аниқлаш учун беморларнинг қон намуналари ва PET сканерлаш натижалари ўрганилган. PET сканерлари мияда Альцгеймернинг асосий белгиси бўлган амилоид бирикмаларининг тўпланишини ўлчаса, қон тестлари когнитив пасайиш билан боғлиқ бўлган оқсиллар ва бошқа биомаркерлар даражасини кўрсатади.

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, вақт ўтиши билан семизликка чалинган одамларда Альцгеймер патологияси бу касаллик бўлмаганларга қараганда тезроқ ривожланган. Шунингдек:

  • семизлик туфайли қондаги плазма NfL оқсили миқдори 24 фоизга тезроқ ошган;
  • плазма pТаu217 қон биомаркери миқдори 29 фоиздан 95 фоизгача тезроқ кўпайган;
  • амилоид бирикмаларининг тўпланиши эса 3,7 фоизга тезроқ содир бўлган.

Сайрус Раджининг айтишича, ушбу янгилик шифокорларга Альцгеймернинг ривожланишини вақт ўтиши билан кузатишга ёрдам беради. Масалан, қондаги биомаркерлар ва мияни сканерлаш амилоид тўпланишига қарши курашиш учун мўлжалланган дориларнинг самарадорлигини тушунишга ёрдам беради.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бутун дунё бўйлаб тахминан 57 миллион киши деменциядан азият чекади. Альцгеймер касаллиги деменция ҳолатларининг 60 дан 70 фоизини ташкил этувчи энг кенг тарқалган касалликдир. Семизлик Альцгеймер учун маълум хавф омили ҳисобланади, чунки семиз одамларда қон босимининг юқорилиги ва 2-тоифа диабет каби ҳолатлар кўпроқ учрайди, буларнинг барчаси деменция хавфини оширади.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар