“Толибон” ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий “Теҳрики Толибон Покистон” (ТТП) гуруҳининг бир неча юз аъзоси ҳибсга олинганини маълум қилди. Покистон ташқи ишлар вазири Исҳоқ Дар эса бу етарли эмаслигини билдирди. Бу ҳақда Afghanistan International хабар берди.
Исҳоқ Дар “Толибон” ТТП аъзоларини икки давлат чегарасидан олиб чиқиши ёки уларни Покистонга топшириши кераклигини таъкидламоқда. Ваъзир ўз мамлакати Афғонистон тупроғи Покистон хавфсизлигига қарши ҳар қандай тарзда ишлатилишини истамаслигини айтган. Бундан ташқари, у “Толибон”ни гуруҳнинг бошқарув сиёсатини қайта кўриб чиқишга чақирган.
“Афғон муаммосини куч билан ҳал қилишимиз мумкин, аммо биз биродарларимизни уйларига кириб ўлдиришни истамаймиз. Агар Ҳиндистонга сабоқ бера олган бўлсак, Афғонистон масаласини ҳал қилиш ҳеч гап эмас”, деган вазир кескин оҳангда.
Саудия Арабистонидаги музокаралар барбод бўлди
Afghanistan International нашрига манбалар “Толибон” делегациясининг Покистон расмийлари билан музокара ўтказиш учун Саудия Арабистонига борганини билдирган. Маълумотларга кўра, мазкур музокаралар яна бир бор муваффақиятсизликка учраган ва натижасиз якунланган. Бундан олдин икки қўшни мамлакат ўртасида Қатар ва Туркияда музокаралар ўтказилган бўлиб, томонлар ўртасида сулҳга эришилмаган эди.








