Daryo

Францияда 10 ойлик ихтиёрий ҳарбий хизмат жорий этилди

18—19 ёшли кўнгилли ёшлар келаси йилдан бошлаб армияда хизмат қилиши мумкин. Мамлакатда мажбурий хизмат қарийб 30 йил олдин бекор қилинганди.

1 дақиқа ўқиш1 897 кўришлар0 изоҳ1

Франция президенти Эммануэл Макрон мамлакатда 10 ойлик ихтиёрий ҳарбий хизмат йўлга қўйилганини эълон қилди. Бунга Россия томонидан Европага солинаётган ва тобора ўсиб бораётган хавф сабаб қилиб кўрсатилди. Бу ҳақда France 24 хабар берди.

Мамлакатда мажбурий ҳарбий хизмат қарийб 30 йил олдин, яъни 1996 йилда бекор қилинган эди. Давлат раҳбари Франциянинг жануби-шарқида жойлашган пиёда аскарлар бригадасига ташрифи чоғида янги ташаббусни эълон қилган.

“Россия 10 йил давомида императорлик давлати бўлиш учун стратегик танлов қилди. Агар биз ушбу мамлакат олдида заиф қолсак, Москва ҳаракатга киришади”, деган Франция президенти.

Ташаббус тафсилотлари

Макроннинг маълум қилишича, 18—19 ёшдаги ёшлар ихтиёрий равишда келгуси йилдан бошлаб 10 ойлик ҳарбий хизматни ўтайди. Хизмат Франция ва унинг хориждаги ҳудудларида амалга оширилади. Бундан мақсад 2030 йилга келиб, ихтиёрий хизматга жалб қилинадиган ёшлар сонини 10 минг нафарга етказиш экани айтилмоқда.

Мазкур ташаббус Россиянинг Украинада урушни давом эттираётган бир пайтда амалга оширилмоқда. Айни пайтда, Макрон ва бошқа француз расмийлари Москва Украина билан чегараланиб қолмаслигидан хавотирда.

Мудофаа харажатлари икки баробар оширилади

Макрон Франция мудофаа харажатларини оширишни ҳам мақсад қилганини таъкидлаган. У иккинчи муддати тугайдиган сўнгги йил — 2027 йилда мудофаага сарфланадиган йиллик маблағни 64 миллиард еврога етказишни режалаштирмоқда. Таққослаш учун, у 2017 йилда президент бўлганида ушбу йиллик харажат 32 миллиард еврони ташкил этганди.

Маълумот ўрнида, Франция қуролли кучлари ҳозирда тахминан 200 минг фаол ҳарбий хизматчи ва 47 минг захирадаги аскардан ташкил топган. 2030 йилга келиб бу кўрсаткичлар мос равишда 210 минг ва 100 минг нафарга етиши кутилмоқда.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар