Мадриднинг “Реал” клуби бош мураббийи Хаби Алонсонинг жамоадаги мавқеи тобора заифлашиб бораётгани айтилмоқда. Football Espana нашри хабарига кўра, жамоа ичида испаниялик мутахассисга нисбатан норозилик кучайган.
Манбанинг ёзишича, “Ливерпуль”дан таклиф тушса, Алонсо клуб бош мураббийи лавозимини қабул қилишга тайёр. “Ливерпуль” бош директори Майкл Эдвардс Алонсонинг имкониятларини юқори баҳолаб келади ва Юрген Клопп мерсисайдликлар сафидан кетишини эълон қилганидан сўнг асосий номзодлардан бири сифатида айнан испаниялик мутахассис номзодини кўриб чиққан эди. Бироқ ўшанда Алонсо “Реал” таклифини қабул қилган ва “Энфилд”га қайтиш вариантини рад этган.
Амалдаги бош мураббий Арне Слотда жамоанинг натижаларини тузатиш учун январгача вақт берилган. Агар вазият ўзгармаса, Алонсо Премьер Лигага бош мураббий сифатида қайтиш эҳтимоли бор. Шунингдек, агар Алонсо кетадиган бўлса, “Реал” раҳбарияти вақтинча Зинедин Зиданни қайтариши мумкинлиги ҳам айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Хаби Алонсо футболчилик даврида “Ливерпуль” сафида ўйнаган. У 2004-йилдан 2009-йилга қадар мерсисайдликлар шарафини ҳимоя қилган.
Аввалроқ The Athletic нашри Винисиус Жуниор билан Хаби Алонсо ўртасидаги можаро сабабли бразилиялик футболчи шартномани узайтиришни рад этаётгани ҳақида хабар берган эди. Бунгача эса испан ОАВ “Реал” футболчилари мураббийнинг айрим тактик қарорларидан норози эканлиги ҳақида ёзганди.
Маълумот учун, “Реал” сўнгги уч ўйинда ғалаба қозона олмади. Жамоа ҳозирда Ла Лига турнир жадвалида 32 очко билан 1-ўринни эгаллаб турибди.








