Португалия терма жамоаси ва Саудия Арабистонининг “Алн-Насср” клуби ҳужумчиси Криштиану Роналду АҚШ президенти Дональд Трампга Оқ уйдаги самимий қабул учун миннатдорлигини билдирди.
“Жаноб президент, мени ва бўлғуси рафиқам Жоржинани таклиф қилганингиз ва қабул қилганингиз учун раҳмат айтмоқчиман. Ҳар бир инсон жамиятга ўз ҳиссасини қўша олади ва мен бунга тайёрман. Айниқса, мен ёш авлодни жасоратли бўлишга, масъулиятни ҳис қилишга ҳамдатинчлик асосида келажак қуришга илҳомлантирмоқчиман”, дея ёзди Роналду ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Маълумот учун, футболчи 2017-йилдан бери илк марта АҚШга келди. Бу вақтга қадар унга нисбатан 2009-йилда содир бўлган воқеа юзасидан америкалик Кетрин Мажоржи томонидан айбловлар қўйилган эди. Ўшанда аёл португалиялик ҳужумчини жинсий зўравонликда айблаган, бироқ 2019-йилда маҳаллий прокуратура Роналдуга нисбатан айбловларни асоссиз деб топди, 2023-йилда эса футболчи қайта берилган даъво асосида оқланган.
Аввалроқ хабар берилганидек, Роналду Саудия Арабистонининг валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ташрифи муносабати билан Оқ уйда ташкил этилган тантанали кечки овқатнинг махсус меҳмонларидан бири бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Криштиану Роналду 2023-йилдан бери Саудия Арабистонининг “Ан-Насср” жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келади. Бунгача у “Спортинг”, “Манчестер Юнайтед”, “Реал Мадрид” ва “Ювентус” клубларида тўп сурган.








