Португалия терма жамоаси ва “Ан-Насср” ҳужумчиси Криштиану Роналду Саудия Арабистони чемпионатининг 5-турида “Ал-Фатеҳ” дарвозасини ишғол қилиб, клублар миқёсидаги ўзининг 800-голини нишонлади. Роналду бу орқали тарихда бундай натижага эришган илк футболчига айланди.
40 ёшли португалиялик юлдуз шу кунгача қуйидаги клублар сафида гол урган:
- “Реал Мадрид” – 450 гол
- “Манчестер Юнайтед” – 145 гол
- “Ювентус” – 101 гол
- “Ан-Насср” – 99 гол
- “Спортинг” (Лиссабон) – 5 гол
Жами ҳисобда Роналду профессионал фаолияти давомида клуб ва терма жамоа сафида 949 та гол урган.
Маълумот учун, Роналдунинг “Ан-Насср” клуби билан шартномаси 2027 йил ёзига қадар амал қилади. Transfermarkt портали футболчининг қийматини 12 миллион еврога баҳоламоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Криштиану Роналду 2025-йилнинг энг кўп даромад олувчи футболчисига айланганди. Ҳужумчи 2025/26-йилги мавсум давомида “Ан-Насср” сафида жами 280 миллион доллар ишлаб топади. Шунингдек, у миллиард доллар ишлаб топган тарихдаги илк футболчига айланганди. Унга кўра, португалиялик ҳужумчининг соф бойлиги 1,4 миллиард долларни ташкил қилади.








