Хитой май ойида Ҳиндистон ва Покистон ўртасида юз берган қуролли тўқнашувдан фойдаланиб, Исломободга етказиб берилган бир нечта қурол тизимларини биринчи марта реал жанговар шароитда синовдан ўтказди. Бу ҳақда АҚШ Конгрессининг икки партиявий қўмитасига таяниб, The Independent хабар берди.
АҚШ-Хитой иқтисодий ва хавфсизликни кўриб чиқиш комиссияси 18 ноябрь куни эълон қилган йиллик ҳисоботида айтилишича, май ойида Ҳиндистон ва Покистон ўртасида тўрт кун давом этган, охирги чорак асрдаги энг йирик можаро Хитой қурол-аслаҳалари учун синов майдонига айланган. Бу тўқнашувда томонлар ракета зарбалари, дрон ҳужумлари ва оғир артиллериядан фойдаланган. Жанглар АҚШ музокаралари орқали ўт очишни тўхтатишга эришилгандан сўнг зиддиятли сулҳ билан якунланган.
Ҳиндистон бу можарода француз ва рус қирувчи самолётларини ишлатган бўлса, Покистон турли хил Хитойда ишлаб чиқарилган қуролларни қўллаган.
Қайси қуроллар синовдан ўтди?
Тўқнашув Хитойнинг замонавий қурол тизимлари, хусусан:
- HQ-9 ердан ҳавога учувчи ракета тизими;
- PL-15 ҳаво орқали учувчи ракета;
- J-10S қирувчи самолётининг реал жанговар шароитдаги дебютига айланган.
Ҳисоботда Хитойнинг бу можародан ўз қуролларининг мураккаблигини синовдан ўтказиш ва реклама қилиш учун фойдаланганлиги таъкидланган. Бу эса Пекиннинг Ҳиндистон билан давом этаётган чегаравий кескинликлари ва мудофаа саноатини кенгайтириш мақсадлари нуқтайи назаридан муҳим аҳамиятга эга бўлган. Шунингдек, хитойликлар ўз қурол тизимларининг жангдаги муваффақиятларини зудлик билан эълон қилгани айтилган.
Урушнинг келиб чиқиши
Жанглар Ҳиндистоннинг Кашмир минтақасидаги баҳсли Ҳимолай ҳудудида юз берган ва йигирмага яқин тинч аҳоли (асосан сайёҳлар) ҳалок бўлган ҳужумга жавобан, чегара бўйлаб террористларнинг ўқув базалари экани даъво қилинган жойларга ҳаво ҳужумлари уюштириши билан бошланган. Деҳли бу ҳужумда Покистонни айблаган, Исломобод эса айбловни рад этиб, мустақил тергов ўтказишни талаб қилган.
Покистон ўз қирувчи самолётлари можаронинг дастлабки босқичларида, жумладан, янги сотиб олинган Францияда ишлаб чиқарилган Рафале самолётини ҳам қўшиб, камида олтита Ҳиндистон самолётини уриб туширганини даъво қилган. Деҳли қанча самолёт йўқотганини тасдиқламаган, аммо юқори мартабали ҳарбий амалдорлар ҳаво кучларининг самолёт йўқотишларига учраганини тан олган. Октябрь ойида Ҳиндистон Ҳаво кучлари раҳбари Амар Прит Сингх Покистоннинг номаълум миқдордаги Хитой қирувчи самолётларини, шунингдек, АҚШда ишлаб чиқарилган Ф-16 самолётларини уриб туширганини иддао қилган.
Стокгольм Халқаро тинчлик тадқиқот институти маълумотларига кўра, Хитой Покистоннинг асосий қурол етказиб берувчиси ҳисобланади. Сўнгги беш йил ичида исломобод қурол импортининг 81 фоизи Пекин ҳиссасига тўғри келади. Икки қўшни давлат мунтазам қўшма машғулотлар ҳам ўтказмоқда. Жумладан, ўтган йилнинг ноябрь-декабрь ойларида улар уч ҳафталик “Жангчи-VIII” аксилтеррор машғулотларини ўтказган эди.








