Исроил армияси 6 ноябрь куни Ливаннинг жанубида “Ҳизбуллоҳ” нишонларига қарши ҳаво ҳужумларини бошлаганини маълум қилди. Бу ҳақда The Tiimes of Israel хабар берди.
Баёнотда ҳужумлар Ливаннинг жанубидаги бир нечта ҳудудларда амалга оширилгани айтилган, аммо батафсил маълумот берилмаган. Ливан маҳаллий ОАВга кўра, Исроил самолётлари Ат-Тайбеҳ ва Тир-Дебба аҳоли пунктларига зарба берган. Бу ҳудудлар Исроил армияси аввалроқ ҳужум билан таҳдид қилган учта манзил орасида бўлган.
Бейрут ҳозирча ҳужум оқибатида талафотлар ёки қурбонлар бўлгани ҳақида маълумот бермаган. Маҳаллий аҳолининг айтишича, ҳужум пайтида пойтахт Бейрут осмонида дронлар овози эшитилган.
Аҳоли эвакуация қилинди
Исроил армияси тушдан кейин тарқатган алоҳида баёнотида “Ҳизбуллоҳ нишонларига” зарба берилиши билан яна бир бор огоҳлантириб, Ат-Тайбеҳ, Тир-Дебба ва Айта-Жабал аҳолисини ҳудудни тарк этишга чақирган. Шу боис кўплаб ливанликлар ўз уйларини шошилинч тарк этишга мажбур бўлган.
“Ҳизбуллоҳ” музокаралардан бош тортди
Ҳужумлар фонида “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати Исроил билан сиёсий музокараларга киришиш таклифларини қатъиян рад этган. Ҳаракат бу музокаралар миллий манфаатларга зид эканини билдирган. AFP агентлигининг ёзишича, АҚШ ва Миср Ливанни Исроил билан тўғридан-тўғри мулоқотга киришишга чақирган эди. Бироқ “Ҳизбуллоҳ” бунга жавобан шундай деган:
“Биз мамлакатимизга қарши уруш бошлаган ва ҳужумларини тўхтатмаётган душманга қарши ўзимизни ҳимоя қилиш ҳуқуқимизни яна бир бор тасдиқлаймиз”.
Исроил ва Ливан ҳали ҳам уруш ҳолатида. Томонлар ўзаро бевосита мулоқот қилмайди — фақат БМТ, АҚШ ва Франция воситачилигидаги назорат механизми орқали алоқа ўрнатилган.








