Daryo

“Аввалига даҳшатли овоз эшитдик”: Афғонистон аҳолиси зизилани қандай бошдан кечирди?

“Дарё”нинг Афғонистондаги мухбири 6,3 магнитудали зилзилани бошдан кечирган аҳоли билан суҳбатлашди. Ер силкинишининг кучи Ўзбекистонда ҳам сезилган эди.

2 дақиқа ўқиш3 922 кўришлар0 изоҳ1

Афғонистон шимолида 3 ноябрь куни кечқурун 6,3 магнитудали кучли зилзила юз берди. Ер силкинишлари асосан Саманган ва Балх вилоятларида қайд этилди. Зилзила тебранишлари қўшни давлатларда, жумладан Ўзбекистонда ҳам сезилди. 

“Дарё”нинг Афғонистондаги мухбири зилзилани бошдан кечирган аҳоли билан суҳбатлашиб, уларнинг ҳикояларини бўлишди.

Мозори Шарифда яшовчи 45 ёшли Сайид Олим ҳаётида бундай даҳшатли зилзилани ҳеч қачон бошдан кечирмаганини айтди. Гарчи 1 сентябрга ўтар кечаси Афғонистонда 6 магнитудали зилзила кузатилганди. Ўшанда 2 мингдан ортиқ қурбон қайд этилган ва аксарияти Кунар вилоятидан бўлган.

“Менинг Мозори Шарифда дўконим бор. Биз жуда даҳшатли тунни бошдан ўтказдик. Умримда бундай зилзилани кўрмаганман. Тунда қўрқиб уйғондик, бизга ва уйга ҳеч қандай зарар етмагани учун Худога шукур қилдим. 


Аммо зилзиланинг маркази бўлган Тошқурғон ҳудудида одамлар ва транспорт воситаларига катта зарар етди. Эрталаб дўконга келганимизда, барча товарлар ерга тушиб кетган, дўконнинг аҳволи эса жуда ёмон эди”, деди Сайид Олим.

Мозори Шарифнинг яна бир фуқароси, 75 ёшли Нур Муҳаммад Бароти ҳам аввал бу каби кучли зилзилани кузатмаганини таъкидлади.

“Кобулда туғилганман, Мозори Шарифда яшайман. Зилзила Худонинг ишидир. Мен тарихда бундай зилзилани ҳеч қачон кўрмаганман. Бу Ҳирот ва Жалолободда илгари содир бўлган зилзилалардан ҳам даҳшатлироқ эди. Оғир тунни бошдан кечирдик. Оилам, фарзандларим, ўғилларим ва келинларим билан уйдан чиқиб, омон қолиш учун ибодат қилдик”, деди у.

3 ноябрь куни содир бўлган зилзиланинг эпицентри Саманган вилоятининг Хулм туманида, 10 километр чуқурликда жойлашган эди. Табиий офат оқибатида камида 20 киши ҳалок бўлди, 643 киши жароҳат олди. Расмийлар ҳозирча янги статистик маълумотларни эълон қилмаган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, зилзила юз беришидан аввал қўрқинчли овоз эшитилган. Кузатув камераларида ҳам зилзила вақтида қайд этилган овоз ёзиб олинган.

Мозори Шарифда истиқомат қилувчи 19 ёшли Муҳаммад Довуд эса воқеани шундай эслади:

“Кеча соат бирларда уйимизда ухлаётган эдик. Тўсатдан кучли зилзила бошланди, қўрқиб уйғондик. Ер силкинишининг кучи туфайли уйимизнинг деворлари қулаб тушди. Аввалига даҳшатли овоз эшитдик, кейин зилзила содир бўлди”, деди у.

Маʻлумот ўрнида, Афғонистон Ҳинд ва Евросиё литосфера плиталари туташган ҳудудда жойлашгани сабабли сейсмик хавфи юқори бўлган мамлакат ҳисобланади.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар