Daryo

Покистон ва Афғонистон ўртасидаги Торхам чегара пункти очилди

Мазкур ўтиш йўлаги 11 октябрь куни икки давлат чегарасида қуролли тўқнашув бўлгани сабаб ёпилган эди.

1 дақиқа ўқиш2 776 кўришлар0 изоҳ0

Покистон ва Афғонистонни боғловчи Торхам чегара пункти қайта очилди. Бу орқали афғон муҳожирларига ватанга қайтиш имконияти яратилди.

Покистон расмийлари чегара орқали гуманитар ва тижорат йўналишидаги ҳаракатлар қайта тикланганини маълум қилган. Афғонистоннинг Нангарҳор провинсияси ахборот ва маданият бошқармаси раҳбари Қурайший Бадлун ҳам чегара очилганини тасдиқлаган.

Мазкур пункт 11 октябрь куни ёпилган эди. Покистон чегарада юз берган қуролли тўқнашувдан сўнг афғон муҳожирларининг ўтишига вақтинча тўсиқ қўйганди. Оқибатда Хайбар-Пахтунхва провинциясидан Торхамгача бўлган йўлда юзлаб юк машиналари ва минглаб муҳожирлар сув ҳам, озиқ-овқат ҳам тополмай, йўлда қолиб кетган.

Покистон ва Афғонистон ўртасидаги зиддият

15 октябрь куни икки давлат чегарасида яна тўқнашувлар бўлиб ўтгач, 48 соатлик ўт очишни тўхтатиш келишуви эълон қилинган. Кейинчалик бу келишув Туркия ва Қатар воситачилигида Доҳа шаҳрида ўтказилган музокаралар давомида узайтирилган. Шундан сўнг музокара Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилган ва суҳбатларда сулҳни чўзиш ҳамда чегара можароларини бартараф этиш масалалари муҳокама қилинган. Навбатдаги учрашув 6 ноябрь куни яна Истанбулда бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Икки давлат ўртасидаги чегара

Покистон ва Афғонистон ўртасидаги чегара узунлиги 2 670 километрни ташкил этиб, 18 та расмий ўтиш пункти мавжуд. Энг гавжум пунктлар — Нангарҳор провинсиясидаги Торхам ва Қандаҳордаги Спин Болдак саналади.

Ҳар сафар чегарада қуролли тўқнашувлар юз берганда мазкур пунктларнинг ёпилиши одатий ҳол. Аммо бу денгизга чиқиш имконияти йўқ Афғонистон иқтисодиётига оғир таъсир кўрсатади.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар