Туркия Суперлигаси 11-туридан ўрин олган “Башакшеҳир” ҳамда “Кожаэлиспор” жамоалари ўртасидаги баҳс якунига етди. Истанбулдаги “Фотиҳ Терим” стадионида кечган беллашувда майдон эгалари 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Учрашувдаги ягона гол 90+1-дақиқада Элдор Шомуродов томонидан киритилди. Ўзбекистонлик футболчи ҳакам томонидан белгиланган 11 метрлик жарима зарбасини аниқ амалга ошириб, жамоасига муҳим 3 очко тақдим этди.
Мазкур натижадан кейин Нури Шаҳин бошчилигидаги “Башакшеҳир” жамоаси ҳисобидаги очколар сони 13 тага етди. Истанбул клуби ҳозирда Туркия Суперлигаси турнир жадвалида 9-поғонани эгаллаб турибди. Мағлубиятга учраган “Кожаэлиспор” клуби эса 11 очко билан 11-ўриндан жой олган.
Элдор Шомуродов ўйинни асосий таркибда бошлаб, тўлиқ ҳаракат қилди. “Башакшеҳир” сафидаги иккинчи Ўзбекистон терма жамоаси футболчиси Аббосбек Файзуллаев эса жароҳат сабаб қайдномага киритилмади.
Туркия Суперлигаси
11-тур
“Башакшеҳир” — “Кожаэлиспор” 1:0
Гол: 1:0 — Элдор Шомуродов (пенальти, 90+1)








