Amazon Amelia номли ақлли кўзойнакларни тақдим этди. У ички дисплей ва доимий фаол камерага эга бўлиб, ҳайдовчиларга йўл давомида ёрдам беради. Янги қурилма ишлаб чиқарувчининг сайтида пайдо бўлди ва “етказиб бериш сифатини яхшилашга мўлжалланган инновация” сифатида тақдим этилмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, тизим юзлаб етказиб берувчи ҳамкор компанияларда ишлайдиган ҳайдовчиларнинг истаклари ҳисобга олиниб ишлаб чиқилган ва оптималлаштирилган.
Кўзойнаклар пакетларни сканерлаш, босқичма-босқич кўрсатмаларга амал қилиш ва етказиб бериш тасдиғини олишга ёрдам беради — буларнинг барчаси телефон ишлатмасдан амалга ошади. Ақлли қурилма қўллардан фойдаланмасдан ишлаш имконини беради, шу билан телефон экрани ва пакетга қарашни алмаштириш заруриятини йўқ қилади.
Етказиб бериш жойида машинани тўхтатганда, кўзойнаклар автоматик ёқилади ва ҳайдовчи пакетларни машинадан топишдан тортиб уй манзилларигача барча маълумотни олади.
Сўнгра дисплей етказиб бериш манзилига босқичма-босқич навигацияни таклиф қилади ва аниқ жойга етиб боришга ёрдам беради, шунда смартфондан қараш шарт бўлмайди. Кўзойнаклар алмаштириладиган батарея ва ҳар бир етказилган пакетни суратга олиш учун тугма мавжуд бўлган елека билан бирга келади.
Шунингдек, йўл давомида фавқулодда хизматларни чақириш тугмаси ҳам мавжуд. Кўзойнаклар тўғриловчи линзаларни, шунингдек атроф ёруғлигига мос автоматик ўзгарадиган линзаларни қўллаб-қувватлайди — қуёшда улар қораяди, ёруғлик камайганда эса шаффофлашади.
“Кўзойнаклар ҳайдовчиларга хабар бериши мумкин, агар улар мижознинг эшиги олдида нотўғри жойлаштирилган посилкани қолдирса — масалан, уй ёки квартира рақами посилкада кўрсатилгандан фарқ қилса. Шунингдек, улар заиф ёруғлик каби хавфларни аниқлайди ва линзаларни мослаштиради, ҳовлида уй ҳайвони борлигини билдиради ва бошқа кўплаб функцияларни бажаради”, дейилади компания хабарида.
Ишлаб чиқарувчи маълум қилганидек, юзлаб ҳайдовчилар қурилманинг дастлабки версиясини синаб кўрган ва келажакда кўзойнакларга янада кўпроқ сунъий интеллект функциялари қўшилиши режалаштирилган. Amazon’нинг Jayhawk код номли экранли кўзойнаклари 2026 ёки 2027-йилда сотувга чиқиши мумкин.
Reuters агентлиги дастлаб етказиб бериш ҳайдовчилари учун кўзойнаклар ҳақида хабар берган, уларни Amelia код номи билан аталганини билдирган. Ҳақиқатан ҳам, Amazon’нинг баъзи тасвирларида Amelia сўзи файл номида кўрсатилган, деб ёзади The Verge.
Олдинроқ маълум бўлишича, Apple ҳам 2026 йилда ақлли кўзойнакларни ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Қурилмада камералар, микрофонлар ва карнайлар бўлиб, “ташқи дунёни таҳлил қилиш ва Siri овоз ёрдамчиси орқали сўровларни қабул қилиш имконини беради”.
Кўзойнаклар телефон қўнғироқларини қабул қилиш, мусиқани бошқариш, таржима қилиш ва бошқа функцияларни бажариши мумкин. Bloomberg нашри фикрича, Apple’нинг янги қурилмаси Меtа Ray-Ban’ига рақобатчи бўлади.








