28 октябрь куни Норвегиянинг 1Х стартапи мулоқот қила оладиган ва уй ишларида ёрдам берадиган NEO номли гуманоид робот учун олдиндан буюртмаларни очди.
Биринчи буюртмалар 2026 йилда АҚШга етказиб берилиши режалаштирилган. 1Х компанияси таъкидлашича, дастлаб NEO тўлиқ мустақл ишламайди — у айрим вазифаларни компания оператори томонидан масофадан туриб бошқарилади.
NEO — уй шароитида энг яхши ёрдамчи бўлиш учун яратилган гуманоид робот. 1Х вакиллари айтишича, робот оддий ишларни бажара олади: эшикларни очиш, идиш-товоқни жойига қўйиш, каравотни тўғрилаш ёки йўқолган кўзойнакни топиш каби. Аммо уни ташқарига олиб чиқиш мумкин эмас — намлик ва чанг унинг иш фаолиятига зарар етказиши мумкин.
Робот баланд, аммо енгил: бўйи 168 см, оғирлиги эса 30 кг. 1Х компанияси уни махсус енгил материаллардан тайёрлаганини, бу эса одам учун хавфсизлигини таъминлашини билдирган. Шунингдек, NEO уй шароитида табиийроқ кўриниши учун унга водолазка (ёпишган свитер) кийдирилган.
Роботнинг автоном ишлаш вақти тахминан тўрт соат, сўнг у ўзи қувватлагичга уланади.
Компания ходими VR-шлеми ва бошқарув пултлари орқали NEO’ни масофадан туриб бошқаради. 1Х буни роботни реал ҳаётдаги вазифаларда ўқитиш ва уни янада мустақил қилиш учун зарурлигини айтади. Бу жараённи улар “болани тарбиялаш” жараёни билан солиштиришади — бола ҳам дунёни аста-секин ўрганади.
1Х шунингдек, операторлар эгасининг рухсатисиз NEO’ни бошқара олмаслигини кафолатлаган. Роботни масофадан бошқариш учун эгаси мобил илова орқали вақт ва санани олдиндан белгилаши керак бўлади. Шунингдек, фойдаланувчи NEO қайси ҳудуддан чиқмаслиги кераклигини ҳам белгилаб қўйиши мумкин.
NEO нархи — 20 000 доллар. Шунингдек, ойига 499 долларлик обуна варианти ҳам мавжуд. Дастлаб робот қаймоқранг, кулранг ва қора рангларда сотувга чиқади.








