Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов Англия Лига Кубоги 1/8 финал босқичидан ўрин олган “Суонси Сити” — “Манчестер Сити” учрашувини асосий таркибда бошлаб, 63 дақиқа ҳаракат қилди. Футболчи иккинчи бўлимда Жон Стоунс билан алмаштирилди.
Учрашувдан кейин Sofascore портали Ҳусановни 6,1 балл билан баҳолади. Футболчи 63 дақиқа давомида 81 марта тўпга тегинган. У ўтган вақт ичида 74 марта шерикларига узатма амалга оширган бўлиб, уларнинг 64 таси аниқ манзилга етиб борди — 86 фоиз. Абдуқодир ўйин давомида 7 марта узоқ масофага узатма берган (1 таси аниқ). Шунингдек, Ҳусанов бир марта майдонда, икки марта ҳавода тўп учун кураш олиб борган. Ҳимоячи 4 марта тўпни хавфли зонадан узоқлаштирди.
Умуман олганда, Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити” ҳимоячилари орасида энг ёмон кўрсаткич қайд этган футболчи бўлди. Жумладан, Sofascore портали Натан Акени 6,7, Жереме Докунинг голига ҳаммуаллифлик қилган Райан Аит-Нурини 6,6 ҳамда Рико Льюисни 6,3 балл билан баҳолаган.
Учрашувнинг энг яхши футболчиси “Манчестер Сити”нинг франциялик ярим ҳимоячиси Райан Шерки бўлди. 22 ёшли футболчи ўйин Омар Мармушнинг голига узатма берган бўлса, баҳс якуни арафасида ўзи ҳам “Суонси” дарвозасини ишғол қилди.








