Россия барча соҳаларда Эрон билан ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр. Бу ҳақда 20 октябрь куни Дмитрий Песков маълум қилди.
Песковнинг айтишича, Москва ва Теҳрон ўртасидаги алоқалар жуда динамик ривожланмоқда. У, шунингдек, Россия Эронга нисбатан ядровий дастур борасида Ғарб давлатлари, хусусан, Европа томонидан ҳаддан ташқари босим ўтказилаётганини таъкидлаган.
“Россия Эрон билан барча соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга, албатта, тайёр. Эрон бизнинг ҳамкоримиз ва муносабатларимиз динамик равишда ривожланмоқда”, деган у.
Россия президенти Владимир Путин вакили Эрон Олий миллий хавфсизлик кенгаши котиби Али Ларижани билан учрашиши режалаштирилган. Ларижани бундан бир неча кун олдин Путинга Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг шахсий хатини топширган эди.
Россия ва Эрон январь ойида стратегик шериклик тўғрисидаги битимни имзолаган. Ушбу ҳужжатда мудофаа банди кўзда тутилмаган бўлса-да, Москва Теҳронга қонуний равишда ҳарбий техника етказиб бераётганини, Эрон эса Россияга Украинадаги урушда фойдаланиш учун дронлар берганини тан олган.
Россиянинг “Росатом” компанияси сентябрь ойида Эрон билан қиймати 25 миллиард долларга тенг келишув имзолаган. Унга кўра, Эрон ҳудудида тўртта янги атом электр стансияси қурилиши режалаштирилган. Мамлакатда ҳозирда фақат битта — Бушеҳр шаҳридаги атом электр стансияси фаолият юритмоқда. Уни ҳам Россия қуриб берган.








