Daryo

“Путин Арктикани қайта ҳарбийлаштирмоқда” — Германия мудофаа вазири

Борис Писториус ядро қуроллари билан жиҳозланган Москва сувости кемалари Европадаги нишонларга зарба бера олишини айтди. Вазир бундан ҳимояланиш чоралари ҳақида гапирди.

2 дақиқа ўқиш1 590 кўришлар0 изоҳ1

Германия мудофаа вазири Борис Писториус “Россия томонидан кучайиб бораётган таҳдидлар” шароитида НАТО бўйича шимолий иттифоқчилар билан ҳамкорлик қилиш муҳимлигини таъкидлади. Бу ҳақда сиёсатчига таяниб, ntv хабар берди.

“Путин Арктикани қайта ҳарбийлаштирмоқда. Россиянинг шимолий флоти НАТО иттифоқчилари ўртасидаги алоқа ва транспорт йўллари учун потенциал хавф туғдирмоқда”, деди Писториус.

Вазирнинг таъкидлашича, Москва ядровий қурол билан жиҳозланган сувости кемалари ёрдамида Европадаги нишонларга зарба бериш имкониятига эга.

“Биз ушбу потенциал таҳдидга Канада ҳам иштирок этаётган денгиз хавфсизлиги соҳасидаги мустаҳкам ҳамкорлик билан жавоб берамиз”, деди Писториус.

У келажакда янада яқинроқ ҳамкорлик учун кўплаб имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.

“Бу — вазиятни биргаликда баҳолаш, ҳарбий машғулотларни ўтказиш ҳамда ягона хизмат ва логистика тизимига эга қўшма мудофаа лойиҳаларини амалга оширишни ўз ичига олади”, деди сиёсатчи.

Германия мудофаа вазири барча ёш йигитларни ҳарбий кўрикдан ўтказишни Россияга қарши “огоҳлантирувчи сигнал” сифатида баҳолади.

“Биз барча эркакларни тиббий кўрикдан ўтказсак ва уларнинг ҳарбий хизматга яроқлилиги ҳақидаги маълумотларни йиғсак, бу Россияда ҳам сезилади. Бошқача айтганда, бу ҳам тўсқинлик қилувчи омилдир”, дея хулоса қилди у.

Июнда мудофаа вазири Борис Писториус қуролли кучлар сони захиралар билан қўшиб ҳисоблаганда 460 минг кишига етказилишини айтди. Ҳозир Германия армиясида 183 мингга яқин фаол ҳарбий хизматчи бор.

Германия ҳарбий бюджетини рекорд даражада оширади

2024-йилда Германия армия учун қурол сотиб олишга 31 миллиард евродан ортиқ маблағ сарфлаган. Жами 12 мингга яқин шартнома тузилган, ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари ва ўқ-дорилар устувор аҳамиятга эга бўлган. Германия ҳукумати Россиянинг эҳтимолий ҳужуми муносабати билан йиллик мудофаа бюджетини ҳозирги 86 миллиарддан 162 миллиард еврога оширади.

Ҳукуматнинг юқори мартабали мулозимига кўра, бу миқдорга 2029-йилгача босқичма-босқич эришилади. Жумладан:

  • 2026-йилда ҳарбий харажатлар 118 миллиард еврога,
  • 2027-йилда 130 миллиард еврога,
  • 2028-йилда эса 146 миллиард еврога етиши кўзда тутилган.

Ушбу маблағдан ҳар йили 9 миллиард евро Украина учун Россияга қарши курашда ёрдам сифатида ажратилади. Ҳозирда Германия мудофаага ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизини сарфламоқда. Агар суммани деярли икки баравар оширишни ҳисобга олса, янги кўрсаткич ЯИМнинг 4 фоизига тенг бўлади.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар