Испаниянинг Террасса шаҳрида қора мушукларни асраб олиш вақтинчалик тақиқланди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Маҳаллий ҳайвонларни ҳимоя қилиш хизматига кўра, 6 октябрдан 10 ноябргача мушукларни вақтинчалик парваришлаш ёки асраб олиш бўйича барча мурожаатлар рад этилади. Бу уларни Ҳеллоуин байрамида зарар етказиш ёки атрибут сифатида ишлатилишдан ҳимоя қилишга қаратилган.
Шаҳар мери ўринбосари Ноэл Дюк қора мушукларни асраб олиш учун мурожаатлар одатда Ҳеллоуин арафасида кўпайишини айтди.
- Ғарб маданиятида қора мушуклар кўпинча сеҳр-жоду билан боғланади ва бахтсизлик рамзи сифатида қаралади. Бироқ айрим маданиятларда — масалан, Япония ва Мисрда — улар бахт ва фаровонлик рамзи сифатида эътироф этилади.
Террасса шаҳар кенгаши таъкидлашича, ҳозиргача шаҳарда қора мушукларга нисбатан шафқатсизлик ҳолатлари қайд этилмаган, бироқ бошқа ҳудудларда бундай воқеалар кузатилган.
“Биз одамларнинг мушукларни фақат урф бўлгани учун ёки ўйламасдан асраб олишларининг олдини олишга ҳаракат қиляпмиз. Бундай ҳолатларда ҳар қандай ваҳшиёна амалиётларнинг олдини олиш зарур”, деди Дюк.
Террассада 9800 дан ортиқ мушук яшайди. Шаҳардаги асраб олиш марказида 100 га яқин мушук бор, улардан 12 таси қора рангда.
Шаҳар кенгаши ушбу чора “вақтинчалик ва фавқулодда” эканини ва ҳайвонлар фаровонлигини таъминлаш учун қўшимча эҳтиёт чораси сифатида қўлланилаётганини таъкидлади. Бироқ келажакда тақиқни яна жорий этиш эҳтимолини ҳам истисно этилмаган.
Тақиқ даврида истиснолар асраб олиш маркази томонидан алоҳида кўриб чиқилади ва Ҳеллоуиндан кейин одатдаги парваришлаш сўровлари қайта тикланади.








