Россиянинг камида 57 та минтақасида ёнилғи таъминоти билан боғлиқ муаммолар кузатилди. Бу украиналиклар томонидан мамлакатнинг нефтьни қайта ишлаш заводларига берилган дрон зарбалари билан боғлиқ, деб ёзмоқда BBC.
Муаммолар асосан хусусий ёнилғи қуйиш шохобчаларида кузатилган. Таҳлил муаллифлари август ойидан бери қайд этилган барча ҳолатларни инобатга олишган — ҳатто ҳозирда вазият барқарорлашган ҳудудларни ҳам.
Bloomberg маълумотига кўра, Украина зарбалари Россиядаги ҳар учинчи нефтьни қайта ишлаш заводини ишдан чиқарган. Август ойида камида 14 та, сентябрда 8 та, октябрнинг дастлабки ўн кунида эса яна 4 та ҳолат қайд этилган. Reuters, Bloomberg ва S&R Global Commodity Insights таҳлилига кўра, август–сентябрь ойларида камида 10 та завод (шу жумладан экспорт учун ишловчи корхоналар ҳам) тўлиқ ёки қисман тўхтаб қолган.
BBC ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йил бошидан бери Украина дронлари Россияда мавжуд 38 та йирик нефтьни қайта ишлаш корхоналаридан 21 тасини нишонга олган. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан қарийб 50 фоизга кўпдир.
Натижада август ойига келиб, рус нефтьни қайта ишлаш корхоналарининг ишлаб чиқариш қуввати 23 фоизга камайган, бу эса тарихий рекорд ҳисобланади. Bloomberg агентлигининг маълум қилишича, октябрь ойида нефтьни қайта ишлаш ҳажми кунлик 4,86 миллион баррелгача тушиб кетган. Бу июль ойига нисбатан 10 фоизга кам бўлиб, сўнгги беш йилдаги энг паст кўрсаткичдир.
Россия ҳукумати мазкур инқирозни юмшатиш учун бензин ва дизель экспортини вақтинча тақиқлаб, Беларусьдан қўшимча ёнилғи сотиб олишни бошлади. “Коммерсантъ” маълумотига кўра, эндиликда Хитой, Сингапур ҳамда Жанубий Кореядан ҳам импорт йўлга қўйилиши кутилмоқда.“Агар зарбалар давом этса, ҳукумат ёнилғи истеъмолига чекловлар жорий этиши ёки экологик талабларни юмшатиши мумкин. Аммо ҳозирча заводлар икки-уч ҳафтада тикланмоқда”, дейди эксперти Сергей Вакуленко.








