Daryo

Кимё бўйича 2025 йилги Нобель мукофоти совриндорлари эълон қилинди

Металлорганик тузилмаларни ишлаб чиққани учун Япония, Британия ва АҚШ олимлари мукофотланди. Уларнинг ихтироси саҳронинг ҳавосидан сув олиш, карбонат ангидридни тутиб қолиш, заҳарли газларни сақлаш ёки кимёвий реакцияларни тезлаштириш учун қўлланилиши мумкин.

2 дақиқа ўқиш4 235 кўришлар0 изоҳ2

Кимё бўйича 2025 йилги Нобель мукофоти янги турдаги молекуляр архитектурани ишлаб чиққани учун Сусуму Китагава (япониялик), Ричард Робсон (британиялик) ва Омар М. Ягига (америкалик олим) топширилди.

Уларнинг металлорганик каркаслар (МОF) деб номланувчи ихтироси саҳронинг ҳавосидан сув олиш, карбонат ангидридни тутиб қолиш, заҳарли газларни сақлаш ёки кимёвий реакцияларни тезлаштириш учун қўлланилиши мумкин.

“Металлоорганик каркаслар улкан салоҳиятга эга. Улар илгари тасаввур ҳам қилинмаган янги функцияларга эга махсус материалларни яратиш имкониятларини очмоқда”, дейди Кимё бўйича Нобель қўмитаси раиси Хайнер Линке.

2024 йили мукофот оқсиллар тузилишини ўргангани учун америкалик Девид Бейкер ҳамда британиялик Демис Хассабис ва Жон Жамперга берилган эди.

Нобель ҳафталиги давом этмоқда

Нобель мукофоти совриндорларини аниқлаш 6 октябрдан бошланди. Физиология ёки тиббиёт соҳасида мукофотни АҚШ ва япониялик олимлар — Мери Э. Брунков, Фредерик Рамсделл ва Шимон Сакагучи қўлга киритди. Мукофот уларга “периферик иммун толерантлик бўйича кашфиётлари учун” берилди.

Нобель қўмитасининг таъкидлашича, олимларнинг кашфиётлари “иммунитет тизими қандай ишлашини ва нима учун барча одамларда жиддий аутоиммун касалликлар ривожланмаслигини тушунишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди”.

7 октябрь куни физика бўйича 2025 йилги Нобель мукофоти америкалик олимлар — Жон Кларк, Мишел Деворе ва Жон Мартинисга топширилди. Улар “макроскопик квант-механик туннел эффекти ва электр занжирида энергиянинг квантлашишини кашф этгани учун” тақдирланди.

9 октябрь куни адабиёт бўйича Нобель мукофоти совриндорлари эълон қилинади. 10 октябрь куни Ослода тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори, 13 октябрда эса Швеция банки томонидан 1968 йилда таъсис этилган Альфред Нобель хотирасига бағишланган иқтисодиёт мукофоти ғолиби номи маълум бўлади.

Беш турдаги Нобель мукофоти (физиология ва тиббиёт, физика, кимё, адабиёт ва тинчлик мукофоти) динамит ихтирочиси Альфред Нобелнинг васиятига кўра таъсис этилган ва 1901 йилдан бери топшириб келинмоқда.

1969 йилдан бошлаб Швеция банки ташаббуси билан иқтисодиёт фанлари бўйича Нобель хотирасига мукофот берилмоқда. У норасмий равишда иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти деб ҳам аталади. Тинчлик бўйича Нобель мукофоти Норвегия пойтахти Ослода, қолган барча мукофотлар эса Швеция пойтахти Стокгольмда топширилади. Мукофот миқдори 11 миллион швед кронасини (тахминан 900 минг евро) ташкил этади.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар