Милан шаҳри кенгаши "Сан-Сиро" стадионини “Интер” ва “Милан” клубларига сотиш бўйича битимни маъқуллади. Бу ҳақда La Gazzetta dello Sport нашри хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, қарор 30 сентябрга ўтар кечаси бўлиб ўтган йиғилишда қабул қилинган. Битим қиймати 197 миллион еврони ташкил этади.
Аввалроқ, икки Милан клуби — “Интер” ва “Милан” — ўз уй ўйинларини навбатма-навбат “Сан-Сиро”да ўтказиб келаётгани сабабли стадионни тўлиқ сотиб олиш ва унинг ўрнида замонавий арена қуриш режалаштирилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Маълум қилинишича, амалдаги стадионни реконструкция қилиш техник жиҳатдан мураккаб ва самарасиз деб топилган. Шу боис, клублар янги стадион қуриш ташаббуси билан чиқди. Янги аренанинг қурилиши 2027-йилда бошланиши, 2031-йилда эса якунланиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, “Сан-Сиро” стадиони илк бор 1926-йилда фойдаланишга топширилган ва ҳозирга қадар Италия футболининг рамзларидан бири бўлиб келмоқда.








