“Интер” клуби президенти Жузеппе Маротта Милан шаҳрида янги стадион қурилиши билан боғлиқ муаммолар ҳақида фикр билдирди. Унинг айтишича, агар вазият ўзгаришсиз қолса, “Интер” ҳамда “Милан” клублари шаҳардан кетишга мажбур бўлиши мумкин.
“Футбол билан боғлиқ инсон сифатида бу ҳолат менга бир оз уятли туюлмоқда. Миланда спорт иккинчи даражага тушиб қолган. “Сан-Сиро” Чемпионлар Лигаси финалини ўтказиш мезонларига жавоб бера олмаяпти, ҳатто Евро-2032 ўйинларини ҳам бу стадионга ишониб топширишмади. Бунинг сабаби — 30 йил аввал сиёсатга кириб келган, жуда консерватив фикрлайдиган баъзи одамлардир. Улар бу каби клублар учун замонавий талабларга мос келадиган янги стадионлар зарурлигини тушунмаяпти. Агар бу муаммо ҳал этилмаса, “Интер” ҳам, “Милан” ҳам Милан шаҳрини тарк этишга мажбур бўлади. Бу эса шаҳар учун фожиа бўлади. Шунга қарамай, мен оптимистман. Шаҳар мери қандай ҳаракат қилаётганини кўряпман ва охир-оқибат, соғлом фикр устун келишига умид қиламан”, дея Мароттанинг сўзларини келтирмоқда Football Italia.
Маълумот учун, “Сан-Сиро” (“Жузеппе Меаца”) стадиони 1926-йилда қурилган бўлиб, бугунги кунда мазкур аренадан Милан шаҳрининг икки номдор клуби — “Интер” ҳамда “Милан” жамоалари фойдаланиб келади.








