Испаниялик мутахассис Хави Эрнандес Саудия Арабистонининг “Ал-Иттиҳод” клуби бош мураббийига айланиши мумкин. Бу ҳақда Daily Спорт нашри хабар берди.
Манбага кўра, клуб яқинда лавозимидан бўшатилган Лоран Блан ўрнига янги мураббий қидирмоқда. “Ал-Иттиҳод” раҳбарияти айни дамда испаниялик мутахассис билан музокараларни давом эттирмоқда. Агар барчаси ижобий якунланса, 45 ёшли Хави фаолиятини Саудия Арабистони чемпионатида давом эттириши мумкин.
Шунингдек, Жидда клуби яна бир нечта мутахассислар билан ҳам музокара ўтказмоқда. Жумлада, Италия терма жамоаси собиқ устози Лучано Спаллетти ҳамда “Милан” клуби собқ бош мураббийи Серхио Консейсау ҳам “Ал-Иттиҳод” клубини бошқариши мумкин бўлган мутахассислар рўйхатидан жой олган.
Эслатиб ўтамиз, Хавининг сўнгги иш жойи “Барселона” клуби бўлган. У 2021 йил ноябридан 2024 йил июнигача “кўк-анорранглилар”ни бошқарган. Унинг қўл остида жамоа 2022/23-йилги мавсумда Испания чемпиони бўлган ҳамда Испания Суперкубогини қўлга киритган. Хави бунгача Қатарнинг “Ас-Садд” клубида ҳам мураббийлик қилган.
Маълумот учун, “Ал-Иттиҳод” Саудия Арабистони Пролигаси 4-туридан кейин 9 очко билан 3-ўринни эгаллаб турибди.








