Социал партия раҳбари, Молдованинг собиқ президенти Игор Додон 28 сентябрда ўтказиладиган парламент сайловларида мамлакатдаги овоз берувчиларнинг электрон рўйхатида ўзини топа олмади. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати хабар берди.
Шундай бўлса-да, Додон Кишинёвда қўшимча рўйхатлар бўйича овоз бера олиши мумкин.“Фирибгарлар унинг шахсий гувоҳномасидаги маълумотлардан фойдаланиб, Игор Николаевични Россияда овоз берувчи сифатида рўйхатдан ўтказишган. Биз тушунтириш сўраб Марказий сайлов комиссиясига (МСК) мурожаат қилдик”, дейди матбуот хизмати.
Социал партия сайловларда Ватанпарварлик блоки таркибида Компартия ва “Молдова келажаги” партияси билан биргаликда иштирок этмоқда. 26 сентябрь куни МСК блокка аъзо бўлган Гагаузиянинг собиқ раҳбари Ирина Влаҳнинг “Молдова юраги” партиясини ноқонуний молиялаштиришда айблаб, сайловдан четлатди. Додон ва блокнинг бошқа сиёсатчилари буни парламент ва ҳукуматни назорат қилувчи Ҳаракат ва бирдамлик партияси (ҲБП) томонидан мухолифатга қарши зарба деб баҳолашди. Кузатувчилар Ватанпарварлик блокини сайловларда ҲБПнинг асосий рақиби деб ҳисоблашмоқда.
Бундан олдин Додон Европа Иттифоқининг Молдова парламентига сайловолди кампаниясига мисли кўрилмаган даражада аралашаётгани ҳақида гапирган эди. Унинг сўзларига кўра, Европа раҳбарлари Кишинёвга ташриф буюрганларида республика президенти Майя Сандунинг ҳукмрон Ҳаракат ва бирдамлик партиясини очиқчасига қўллаб-қувватлаган, шунингдек, агар бу партия мағлуб бўлса, кредит ва грантлар ажратишни тўхтатиш билан таҳдид қилиб, тўғридан-тўғри шантаж қилишга ўтишган.








