Венесуэла ғарбида 25 сентябрь куни 6,3 магнитудали кучли зилзила қайд этилди. Бу ҳақда АҚШ геология хизмати хабар берди.
Зилзиланинг эписентри Мен-Гранде шаҳридан 24 километр узоқликда, 7,8 километр чуқурликда жойлашган. Ҳозирча жабрланганлар ва вайронагарчиликлар ҳақида маълумот берилмаган. Минтақада цунами хавфи ҳам эълон қилинмаган.
Сейсмологлар ҳисоб-китобига кўра, силкинишлар Венесуэла пойтахти Каракасда, шунингдек, Колумбияда ҳамда Кариб денгизидаги Аруба, Кюрасао ва Бонайре оролларида ҳам сезилган.
“Уйда юрган эдим, бирдан оёқларим остидан тўлқин ўтганини ҳис қилдим ва атрофдаги ҳамма нарса қимирлаб кетди”, дейди Баркисимето шаҳрида яшовчи Роберт Ромеро.
Венесуэла Кариб плитаси жанубий чегараси бўйлаб жойлашган. Бу ҳудудда Кариб ва Жанубий Америка плиталарининг мураккаб ўзаро таъсири тез-тез сейсмик фаолликка олиб келади. Мамлакатнинг шимолий қисми бўйлаб йирик ёриқлар ўтган, улар ўтмишда кучли ва вайронкор зилзилаларга сабаб бўлган. Венесуэлада 1997-йилдан бери кучли зилзила қайд этилмаган. Ўшанда шарқдаги Сукре штатининг Карияко шаҳрида 6,9 магнитудали зилзилада 73 киши ҳалок бўлганди.








