Исроил футболи ва спорт жамоатчилиги орасида 23 сентябрь, сешанба куни бўлиб ўтадиган УЕФА йиғилишида мамлакатнинг Европа мусобақаларидан номаълум муддатга четлатилиши бўйича қарор қабул қилиниши мумкинлиги юзасидан жиддий хавотир кучаймоқда. Бу ҳақда Исраэл Ҳаём нашри хабар берди.
Манбага кўра, ҳозирда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 20 та мамлакатнинг аксарияти Исроилни четлатиш тарафдори бўлиб турибди. Фақат икки ёки уч давлат бунга қарши позицияда эканлигини маълум қилган.
Унга кўра, Исроил футбол ассоциацияси (ИФА) ушбу масаланинг кун тартибига киритилишининг олдини олиш учун “шошилинч ва изчил” ҳаракат қилмоқда. Исроил томон агар бу масала овоз беришгача етиб борса, Исроил жамоалари Европа футболида иштирок этиш ҳуқуқидан, ҳеч бўлмаганда, яқин келажакда маҳрум бўлишини яхши англаб турибди.
Маълумот учун, аввалроқ Италия мураббийлари ассоциацияси мамлакат футбол федерацияси президенти Габриэль Гравина номига мурожаат қилиб, ундан Халқаро футбол федерацияси (FIFA) ва Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА)га расмий сўров юборишни талаб қилгани ва унда Исроил терма жамоасини вақтинча халқаро мусобақалардан четлатиш сўрагани хабар қилинганди.








