Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин мамлакат мудофаа салоҳиятини ошириш доирасида “махфий қуролга эга бўлгани”ни эълон қилди. Бу ҳақда Корея Марказий телеграф агентлиги хабар берди.
“Давлатимиз ва партиямиз мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш йўлида узлуксиз, сакраб ривожланишга эришмоқда”, деди Ким Чен Ин.
У янги эсминецлар қурилишини “денгиз қудрати шаклланишидаги биринчи муҳим қадам” сифатида тилга олди. Шунингдек, “стратегик кучларни тўхтовсиз мустаҳкамлаш” ва оммавий қурол-яроғларнинг техник кўрсаткичларини такомиллаштириш ҳақида гапирди.
“Бундан ташқари, биз янги махфий қуролга эга бўлдик. Мудофаа илми ва тадқиқотлари соҳасида эришилган сезиларли ютуқлар жанговар салоҳиятни кескин оширишга катта ҳисса қўшади”, деди у.
Ким Чен Ин агар Вашингтон КХДРни ядросизлантириш истагидан воз кечса, мамлакати АҚШ билан мулоқотга тайёрлигини ҳам таъкидлади. Унга кўра, КХДР ҳозирда ядровий кучларнинг ривожланиши туфайли ўзини “энг хавфсиз давлатдай” ҳис қилмоқда.
Сентябрь бошида КХДРда катта тортиш кучига эга ракета двигательининг асоси ерда синовдан ўтказилди. Унда углерод толалари билан мустаҳкамланган материал ишлатилган. Синовни Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг ўзи кузатганди.
Август охирида эса Ким Чен Ин ракета ишлаб чиқариш қувватини ошириш бўйича учта янги режа ва тегишли мудофаа харажатлари лойиҳасини имзолаган эди.








