Туркия Суперлигаси 6-туридан ўрин олган “Башакшеҳир” ҳамда “Аланьяспор” ўртасидаги баҳс 21 сентябрь, якшанба куни Истанбулдаги “Фотиҳ Терим” стадионида бўлиб ўтди. Беллашувда томонлар 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади.
Ўйиндаги ҳисоб 29-дақиқада Элдор Шомуродов томонидан очилди. Иккинчи бўлим бошида меҳмонлар ҳисобни тенглаштирди. “Аланьяспор”нинг нигериялик ҳужумчиси Ученна Огунду гол муаллифига айланди. Орадан бир дақиқа ўтиб, Шомуродов ўзининг ўйиндаги иккинчи голини киритган эди. Аммо офсайд сабаб ҳакам томонидан бекор қилинди.
Мазкур ҳисоб ўйин якунига қадар ўзгармади. Айни пайтда “Башакшеҳир” 6 очко билан турнир жадвалининг 10-поғонасини эгаллаб турибди. “Аланьяспор” эса 9 очко билан 7-ўриндан жой олди.
Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари Элдор Шомуродов ўйинни асосий таркибда бошлаб, 90 дақиқа давомида ҳаракат қилган бўлса, Аббосбек Файзуллаев 62-дақиқада захирадан майдонга тушди.
Туркия Суперлигаси
6-тур
21 сентябрь, якшанба
“Башакшеҳир” — “Аланьяспор” 1:1
Голлар: 1:0 — Шомуродов (29), 1:1 — Огунду.







