Перуда норозилик намойиши пайтида оммавий тартибсизликлар бошланди. Унда З авлод вакиллари ҳам иштирок этди. Бу ҳақда AFP хабар бермоқда.
Перу пойтахти Лима шаҳрида ёшлар “З авлоди президент Дина Болуартега қарши” шиори остида кўчага чиқди. Намойишчилар ҳукумат ва парламент қарорларида шаффофликни талаб қилган. Шунингдек, улар пенсия тизими ислоҳотига қарши чиққан.
Тўқнашувлар давомида намойишчилар маъмурий биноларни эгаллаб олишга уринган. Полиция ходимлари кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган, шунингдек, резина ўқлар билан ўт очган. Қўлга олинганлар ва жароҳатланганлар бор.
Сентябрь ойи бошида Непалда “З авлод инқилоби” содир бўлди. Мамлакатда йирик ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари фаолияти чекланганидан сўнг оммавий тартибсизликлар бошланди.
Намойишлар чоғида бош прокуратура идораси ва пойтахт округ суди биносига ҳужум қилинди. Намойишчилар молия вазири Прасад Паудални дўппослади, шундан сўнг мамлакатнинг собиқ бош вазири Шер Баҳодир Деубнинг уйига бостириб кирди. Унинг ўзи ва Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари бўлган рафиқаси Арзу Рану Деуба калтакланди.








