Исроил ва Сурия вакиллари 17 сентябрь куни Буюк Британия пойтахти Лондонда ёпиқ эшиклар ортида музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Anadolu хабар берди.
Учрашувда Сурия ташқи ишлар вазири Ассод Хасан Шейбани, Исроилнинг стратегик масалалар бўйича вазири Рон Дермер иштирок этган. Манбаларнинг хабар беришича, учрашувга АҚШнинг Суриядаги махсус вакили Том Баррак ҳам келган. Унинг воситачи сифатида қатнашгани айтилмоқда.
Исроил томони Сурияга янги хавфсизлик келишуви лойиҳасини таклиф этган. Таклифга кўра, Голан тепаликлари яқинидаги буфер зона Сурия ҳудудига 2 км кенгайтирилиши ва 3 та сектор — А, Б, С га бўлиниши кўзда тутилган. Ҳар бир зонада қандай турдаги қуроллар жойлаштирилиши аниқ белгиланади. Зона яқинида Сурия қўшинлари ва оғир қуроллар жойлаштирилмаслиги, бироқ полиция ва ички хавфсизлик кучларига рухсат берилиши таклиф этилган.
Шунингдек, Исроил Дамашқ жануби-ғарби ва Голан оралиғидаги ҳаво ҳудудини Сурия авиацияси учун ёпиқ деб эълон қилишни истамоқда. Бунинг эвазига, Тель-Авив 2024 йил декабрдан бери эгаллаб турган Суриядаги айрим ҳудудлардан босқичма-босқич чиқишга тайёрлигини билдирган. Аммо Жабал аш-Шайх (Ҳермон тоғи) бундан мустасно бўлади. Учрашув иштирокчилари расмий изоҳ бермаган, музокараларнинг натижаси ҳам номаълум.
Сурия президенти Аҳмад Аш-Шараъа 12 сентябрь куни давлатга қарашли ”Ал-Икҳбарияҳ Сйриа” янгиликлар каналига интервью бериб, унда мамлакатнинг Исроилга нисбатан позицияси ҳамда Қуддус билан ўзаро муносабатлари муҳокама қилинганди. Интервьюда президент яҳудий давлати билан хавфсизлик бўйича музокаралар олиб борилаётганини тасдиқлаган. Унинг айтишича, музокаралар 1974-йилдаги “ажралиш” келишуви бўйича мавжуд бўлган хавфсизликни тиклашга қаратилган.








