Илон Маскка тегишли Starlink сунъий йўлдош интернети Қозоғистон поезларида синовдан ўтказилади. Бу ҳақда мамлакатнинг “Йўловчи ташиш” АЖ бошқаруви раиси Ануар Ахметжанов хабар берди.
Мулозим Қозоғистон поездларида интернетни йўлга қўйиш режалари ҳақида гапирди.
Starlink сунъий йўлдош интернети бозорда эндигина пайдо бўлди ва биз уни ишга туширдик. Ҳозир яна иккита оддий поездга ўрнатамиз. Алоқа сифати яхши, лекин мамлакатимиз катта бўлгани учун бошқа ҳудудларда қандай ишлашини синаб кўриш керак, деди Ахметжанов.
Унинг сўзларига кўра, технологик жиҳатдан Talgo поездларини ушбу интернет билан таъминлаш осон. Шу сабабли 25 та таркибни, иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлса, Starlink билан улаш режалаштирилган.
Ҳозирги режаларимизга кўра, бу технологияни бошқа поездларда ҳам синаб кўрамиз. Хусусан, оддий поездларда бу йил охиригача синовдан ўтказамиз. Октябрь ойида Ақтўбе-Олмаота ва Қизилўрда-Семей йўналишидаги поездларга улашни бошлаймиз ва ушбу поездларда синов тариқасида текширамиз. Муваффақиятли бўлса, лойиҳани кенгайтирамиз, бунинг учун ҳамкоримиз ҳам бор, дея таъкидлади Ануар Ахметжанов .Маълумот ўрнида, 25 январь куни Қозоғистон поездларида интернетни жорий этиш бўйича пилот лойиҳа бошланган. Дастлаб янги хизмат Остона-Олмаота йўналиши бўйича синовдан ўтказилди. Мамлакатда 13 августдан бошлаб Starlink сунъий йўлдош интернети расман ишлай бошлади. Уй тарифлари 42 доллардан 57 долларгача туради. Starlink Ўзбекистонда 2026-йилда ишга туширилиши кутилмоқда.








