China Eastern Airlines компанияси дунёдаги энг узоқ масофали тўғридан тўғри рейсни йўлга қўйди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Йўналиш Хитойнинг Шанхай шаҳри билан Аргентинанинг Буэнос-Айрес шаҳрини боғлайди. Учиш тахминан 25,5 соат, қайтиш эса 29 соат давом этади. Бироқ, иккала йўналиш ҳам Янги Зеландияда икки соатлик трансферни ўз ичига олади. Бу вақт ичида йўловчилар самолётдан тушиб, дам олиши мумкин. Шунинг учун парвоз тўғри бўлса-да, тўхтовсиз эмас.
Йўналиш бўйича парвозлар Boeing 777-300ER самолётида ҳафтасига икки марта амалга оширилади. Биринчи парвоз 4 декабрга режалаштирилган.
Skyscanner авиапарвозларни брон қилиш сайти маълумотларига кўра, ҳозирда Шанхайдан Буэнос-Айресга энг тез парвоз Париж ёки Амстердамда трансфер қилиш билан тахминан 31 соат давом этади. Шу билан бирга, қайтиш йўналишида 28 соатдан 33 соатгача чўзиладиган вариантлар мавжуд.“Шанхай Пудун — Окленд — Буэнос-Айрес йўналиши Осиё-Тинч океани минтақаси ва Жанубий Америка ўртасида янги ‘Ҳаво ипак йўли’ каналини яратишнинг муҳим чораси сифатида қаралмоқда”, дея қўшимча қилди авиакомпания.








