Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (FIFA) ўзининг расмий сайтида терма жамоалар ўйинлари тақвимига ўзгартиришлар киритилганини маълум қилди.
2026 йил кузидан бошлаб одатдаги сентябрь ва октябрь ойларидаги алоҳида FIFA кунлари бекор қилинади. Ташкилот мазкур ойлар давомида ўтказиладиган икки халқаро танаффусни бирлаштириб, ягона FIFA кунларига айлантирди.
Янги тартибга кўра, миллий жамоалар 21 сентябрдан 6 октябргача бўлган муддатда тўрттагача учрашув ўтказиш имкониятига эга бўлади. Ташкилот вакилларининг таъкидлашича, бу қарор футболчиларнинг ортиқча парвозларини камайтириш ва жароҳатлар хавфини пасайтиришга хизмат қилади.
Маълумот учун, 2026-йилда жами 4 та FIFA куни бўлиб ўтади. Улар қуйидаги саналарга белгиланган: 23 мартдан 31 мартга қадар, 1 июндан 9 июнга қадар, 21 сентябрдан 6 октябргача ҳамда 9 ноябрдан 17 ноябргача. Ушбу даврда терма жамоалар саралаш ёки ўртоқлик учрашувларида иштирок этишлари мумкин бўлади. Шунингдек, 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Мексика ва Канада майдонларида футбол бўйича жаҳон чемпионати мусобақаси ўтиши ҳам белгиланган.








