“Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола Англия Премер Лигаси 4-туридан ўрин олган “Манчестер Юнайтед”га қарши баҳс олдидан ўз келажаги ҳақида фикр билдирди.
“Кўп маротаба айтганман — келажакни олдиндан билмайман. Натижалар ҳаммасини белгилайди. Мен яхши мавсум ўтказишим керак. Агар клуб ўзгаришларга муҳтожлигини сезсам, бир кун ҳам қолмайман. Аммо ҳозир ҳар қачонгидан ҳам бу ишни давом эттиришни хоҳлаяпман”, деди Гвардиола.
Шунингдек, испаниялик мутахассис “Сити”даги узоқ йиллик фаолиятини фахр билан эслаб ўтди:
“Мен бу ерга келиб, атиги 3 йиллик шартнома имзолагандим. Ўшанда 10 йил қоламан, деб ўйламаганман. Энди эса бу билан фахрланаман. Жамоа ва клубга яна ёрдам беришни истайман”.
Эслатиб ўтамиз, Хосеп Гвардиола 2016 йил ёзидан буён “Манчестер Сити” клубини бошқариб келмоқда. У ҳозирга қадар “шаҳарликлар” билан Чемпионлар Лигаси, Англия Премер Лигаси, мамлакат кубоги ва Суперкубоги каби кўплаб совринларни қўлга киритган. Мутахассиснинг “Сити” билан шартномаси 2027-йилнинг ёзига қадар амал қилади.








