Польша 10 сентябрь куни мамлакат ҳудудига дронлар бостириб кирганидан кейин кескинлашган вазият фонида Беларусь ва Россия билан чегарада тахминан 40 минг ҳарбийни жойлаштирмоқда. Бу ҳақда TVP нашри хабар берди.
Варшаванинг шарқий чегарада қўшинларни тўплаш қарори Россия ва Беларуснинг “Ғарб-2025” номли қўшма машғулотлари билан боғлиқ. Мазкур машғулотларда ўн минглаб ҳарбийлар иштирок этиши кутилмоқда.
“Польша ‘Ғарб-2025’ манёврларига бир неча ой давомида тайёргарлик кўрди”, деди Польша мудофаа вазири ўринбосари Цезарий Томчик.
Унинг айтишича, Польша армияси 30 мингдан ортиқ аскар ҳамда НАТО ҳарбийлари иштирокида муносиб жавоб бериш учун машғулотлар ўтказган.
“Ёдда тутинг, ‘Ғарб-2025’ стратегик машғулотлардир”, деб таъкидлади Томчик.
Мудофаа вазири, бошқа сиёсий етакчилар сингари, ушбу машғулотлар Россиянинг НАТО ва Европа Иттифоқи давлатларига қарши агрессиясидан дарак бериши мумкинлигидан хавотир билдирди.
10 сентябрга ўтар кечаси Россия армияси Украинага оммавий зарба берган пайтда Польша чегарасидан тахминан 20 та дрон ўтиб кетди. Бунга жавобан Польша ҳаво кучлари қирувчи самолётларини кўтарди. Бу — уруш бошланганидан бери илк бор Россия дронлари НАТО ҳудудида уриб туширилган ҳолат бўлди. Россия Мудофаа вазирлиги эса Полшадаги нишонларни зарба бериш режалари бўлмаганини даъво қилди.
BILD маълумотига кўра, Польша ҳудудига учиб кирган Россия дронларини уриб тушириш учун НАТО камида 1,2 миллион евро сарфлаган. Учта дрон икки дона Ф-35 қирувчиси томонидан йўқ қилинган.








