Daryo

Польша уч ойга Беларусь ва Украина билан чегарадош ҳудудларда парвозларни чеклади

Польша ҳукуматининг парвозларни чеклашига Россия дронларининг мамлакат ҳаво ҳудудини кесиб ўтгани сабаб бўлган. Чекловлар 2025 йилнинг 9 декабрига қадар амал қилади.

1 дақиқа ўқиш829 кўришлар0 изоҳ0

Польша ҳукумати 10 сентябрьдан бошлаб Украина ва Беларусь билан чегарадош ҳудудларда парвозларни уч ойга чеклади. Бу ҳақда Польша аэронавигация агентлиги хабар берди.

Манбага кўра, чеклов жорий қилинган ҳудудларда учувчисиз учиш аппаратлари исталган вақтда парвоз қила олмайди. Бу ҳудудларда тунда фақат ҳарбий самолётлар, кундузи эса ҳукуматга парвоз ҳақида олдиндан хабар берган ҳаво кемаларигина ҳаракатланиши мумкин.

Табиий офатлар ёки фавқулодда вазиятларда ёрдам кўрсатадиган самолётларга эса эркин парвоз қилишга рухсат берилади.

Бундай чекловлар Польша қуролли кучлари оператив қўмондонлигининг давлат хавфсизлигини таъминлаш талаби асосида жорий қилинган.

10 сентябрь куни Польша бош вазири Дональд Туск мамлакат ҳаво ҳудудига Россияга тегишли 20 та дрон кириб келганини маълум қилган эди. Шу сабабли у ҳукумат номидан НАТОнинг 4-моддасига мувофиқ аъзо давлатлар билан маслаҳатлашув ўтказилишини билдирган.

Россиянинг Полшадаги элчиси Андрей Ордаш эса дронларнинг Москвага тегишлилиги борасида далиллар йўқлигини айтди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги учувчисиз учиш қурилмалари масаласида Польша томони билан маслаҳатлашув ўтказишга тайёр эканини маълум қилди.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар