“Интер Маями” ҳужумчиси ва Аргентина терма жамоаси сардори Лионель Месси “Барселона” клуби президентлик сайловида иштирок этиши мумкин. Бу ҳақда Cadena Ser нашри хабар бермоқда.
Манбага кўра, Каталония клубининг собиқ ҳужумчиси президентлик учун курашмоқчи эмас, аксинча, номзодлардан бирининг сайловолди кампаниясида иштирокчилардан бирига айланиши мумкин. Қайд этилишича, Месси билан “кўк-анорранглилар”га яқин айрим шахслар боғланган, бироқ улар орасида амалдаги президент Жоан Лапорта йўқлиги айтилмоқда.
Шунингдек, сайловларда ёрдам кўрсатиш Мессининг 2021-йилда клубни тарк этгач ёмонлашган “Барселона” билан муносабатларини яхшилаш йўли сифатида қаралаётгани билдирилди.
Эслатиб ўтамиз, Месси 2000–2021-йиллар давомида каталонияликлар шарафини ҳимоя қилган. У бу давр мобайнида жами 778 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 672 та гол ва 303 та голли узатмага муаллифлик қилган.








