Исроил армияси 9-сентябрь куни Ғазо шаҳридаги аҳолига ҳудудни тарк этиш буйруғини берди. Яҳудий ҳарбийлари йирик шаҳарни эгаллашга киришмоқда. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.
Шаҳарда бир миллиондан ортиқ фаластинлик истиқомат қилади. Уни босиб олишга уриниш урушни тугатишга қаратилган ҳаракатларни янада мураккаблаштиради. Бош вазир Биньямин Нетаньяху ҲАМАСнинг қолган икки таянч ҳудудини эгаллаш режасини эʻлон қилган. Унинг таъкидлашича, Фаластин ҳаракати қуролни ташлашдан бош тортгани сабабли Исроилнинг “ҲАМАСни мағлуб этиш ва вазифани охирига етказишдан бошқа чораси йўқ”. ҲАМАС эса мустақил Фаластин давлати тузилмагунча қуролсизланмаслигини таъкидлаган.
Халқаро танқидчиларнинг фикрича, Исроилнинг бутун минтақани қуролсизлантириб, хавфсизликни ўз назоратига олиш режаси 2,2 миллион аҳолининг оғир гуманитар аҳволини янада чуқурлаштириши ва очарчилик хавфини кучайтириши мумкин.
АҚШ, Қатар ва Миср воситачилигида олиб борилган музокаралар Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф этишга, ўт очишни тўхтатишга ва Ғазодаги гаровдагиларни озод қилишга ёрдам бермади.
Исроил маълумотларига кўра, уруш 2023-йил 7-октябрда ҲАМАСнинг чегарадан ўтиб қилган ҳужуми билан бошланган. Ўша куни 1200 га яқин киши ҳалок бўлган ва 251 киши Ғазога гаровга олиб кетилган. Ҳозирда гаровда қолган 48 кишидан 20 нафари тирик экани айтилмоқда.
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Исроилнинг ҳарбий амалиётлари оқибатида 62 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Деярли бутун аҳоли ўз уйини тарк этишга мажбур бўлди ва ҳудуднинг катта қисми вайронага айланди.








