U-23 Осиё Кубоги саралаши 2-туридан ўрин олган Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон олимпия терма жамоалари ўртасидаги учрашув 6 сентябрь, шанба куни Бишкекдаги “Долен Омурзаков” стадионида бўлиб ўтди. Беллашув 2:2 ҳисобидаги дуранг билан якунланди.
Учрашувнинг илк дақиқалариданоқ мезбонлар ҳисобни очишга муваффақ бўлди. Бекназ Алмазбеков 1-дақиқадаёқ Эдем Неманов қўриқлаётган дарвозани ишғол қилди. Бироқ биринчи бўлим якунига қадар ўзбекистонлик футболчилар икки бор рақиб дарвозасини ишғол қилишди. Дастлаб, 11-дақиқада Рустам Турдимуродов ҳисобни тенглаштирди, 42-дақиқада эса Беҳруз Асқаров иккинчи голни уриб, Ўзбекистон U-23 жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди — 1:2.
Иккинчи бўлимнинг 56-дақиқасида Қирғизистон термаси ярим ҳимоячиси Арсен Шаршенбеков жавоб голи билан ҳисобни яна тенглаштирди. Қолган дақиқаларда ҳам қизиқарли ўтди, аммо мухлислар бошқа гол гувоҳи бўлмади. Мазкур натижадан сўнг ҳар иккала жамоа 1 очкодан бўлишиб олди.
Айни пайтда Ўзбекистон 4 очко билан E гуруҳида пешқадамлик қилмоқда. Қирғизистон ҳисобида ҳам 4 очко мавжуд, бироқ тўплар фарқига кўра улар иккинчи ўринда бормоқда. Фаластин 3 очко билан учинчи поғонада, Шри Ланка эса очкосиз ҳолда гуруҳ ауцайдерига айланган.U-23 Осиё Кубоги саралаши
2-тур
6 сентябрь, шанба
Қирғизистон U-23 — Ўзбекистон U-23 2:2
Голлар: 1:0 — Алмазбеков (1), 1:1 — Турдимуродов (11), 1:2 — Асқаров (42), 2:2 — Шаршенбеков (56)








