Россия 2025 йил июль ойида АҚШга товуқ тухуми етказиб берди. Тухум савдоси мамлакат тарихидаги илк ҳолат ҳисобланади. Бу ҳақда Америка статистика хизмати маълумотларига таяниб, “РИА Новости” хабар берди.
Маълумотларга кўра, АҚШ Россиядан 455 минг долларлик тухум сотиб олган. Июль ойида Қўшма Штатлар жами 16,5 миллион долларлик тухум импорт қилган. Энг йирик етказиб берувчилар қаторида Бразилия (8,8 млн доллар), Мексика (3,9 млн доллар) ва Ҳиндистон (933 минг доллар) бор. Бундан ташқари, АҚШ июль ойида илк бор Саудия Арабистонидан ҳам тухум импорт қилди. Шу тариқа 518 минг долларлик харид амалга оширилди.
АҚШда парранда гриппи авж олгани туфайли тухум нархи ўтган йилга нисбатан икки баравар ошган. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги касаллик тарқалишининг олдини олиш учун қушлардан олинган тест натижаси ижобий чиққан ҳолларда товуқларни йўқ қилмоқда.








